Барчиной энди Жаҳон чемпионатида иштирок этади
Навоийлик Барчиной Шокиржонова 14 ёшгача қизлар ўртасида шахмат бўйича Ўзбекистон чемпионатида «Стандарт», «Рапид» ва «Блис» йўналишларида 1-ўринни қўлга киритиб, «Стандарт» йўналишида Батуми шаҳрида, «Рапид» йўналишида эса Грузия давлатида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида иштирок этувчи йўлланмани қўлга киритди.
Айни пайтда Б.Шокиржонова Навоий шаҳридаги 2-умумтаълим мактабининг 7-синфида таълим олади. У 2017 йилда 10 ёшли қизлар ўртасида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида фахрли 2-ўринни эгаллаган.

2018 йил Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида 2-ўринни қўлга киритган. Шунингдек республика миқёсидаги барча мусобақалар ғолибаси ҳисобланади.
Шахмат бўйича Навоий вилояти шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган Барчиной 2019 йил мактаб ўқувчилари ўртасида Осиё чемпионатида 13 ёшлилар орасида 3-ўринни эгаллаган.
Абдували Бўриев, ЎзА