Барчаси туман ёшлари учун
Бухоро вилояти Бухоро туманидаги марказий ўйингоҳ давлат бюджетидан ажратилган 5,4 миллиард сўм маблағ ҳисобига қайта реконструкция қилиниб фойдаланишга топширилди.
Ўйингоҳнинг тантанали очилиш маросимида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирилиги бошқарма бошлиғи Фарҳод Турдиев, Бухоро тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Ҳалимжон Сафаров, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси ўринбосари Шуҳрат Очилов ҳамда бошқа мутасадди раҳбарлар қатнашди.

Маросимда сўзга чиққанлар ёшлар, аёллар ва айниқса, болаларни спортга жалб этиш, уларнинг спорт турлари билан мунтазам шуғулланиши учун замонавий шароитлар яратиш борасида изчил ишлар амалга оширилаётганини таъкидлашди.

– Янги спорт мажмуасида спортчилар ва мураббийлар учун барча шароит яратилган, – дейди туман ҳокими вазифасини бажарувчи Ҳалимжон Сафаров. – Бундай замонавий шароитларда тобланган ёш спортчиларимиз, албатта, халқаро мусобақаларда янада улкан ютуқларни қўлга киритади.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда давлат раҳбари ташаббуси билан жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш, ёшларни ҳар томонлама чиниқтириш, давлатнинг жаҳондаги обрў-эътибори ва нуфузини оширишда спортнинг ўрни муҳим. Шу боис юртимизда ушбу йўналишда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш бўйича қабул қилинаётган муҳим қарорлар ва дастурлар самараси ўлароқ Ўзбекистон спортчилари жаҳон ареналарида юқори натижаларга эришмоқда. Биргина, Бухоро туманини оладиган бўлсак, ушбу ҳудуддан етишиб чиққан дзюдо бўйича ёшлар ўртасида Осиё чемпиони Тўлқин Турдиев, Анваржон Иброҳимов, таэквондо бўйича Ўғилой Ибрагимова, Зебо Аслонова кураш бўйича Мансур Ғафуров ва бошқа ўнлаб спортчилар номини туман аҳолиси фахр билан тилга олади.

Мажмуада қурилган спорт зали энг замонавий инвентарлар билан жиҳозланган, спортчи ва мураббийлар учун барча шароитлар яратилган. Эндиликда бу ерда бир вақтнинг ўзида 300 нафардан зиёд ёшлар шуғулланиши мумкин.
Зариф Комилов,
ЎзА