Барчаси аҳоли саломатлиги учун
Бухоро вилояти Ғиждувон тумани тиббиёт бирлашмасининг замонавий хирургия ва қабул бўлими очилди.
Туман аҳолиси шу пайтгача намунали тиббий хизмат учун вилоят марказига қатнашга мажбур эди. Давлат раҳбари ташаббуси билан қисқа фурсатда туман тиббиёт бирлашмасида амалга оширилган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланишлар натижасида ҳудуд аҳолисига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш даражаси яхшиланди.


Туман тиббиёт бирлашмаси учун 2022 йилда туман ҳокимлиги томонидан тиббиёт бирлашмасининг моддий техник баъзасини ривожлантириш, биноларни жорий таъмирлаш ва аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида 70 ўринли режали хирургия ва қабул бўлими таъмирланиб қайта жиҳозланди.
Бундан ташқари, рақамли рентген тиббий ускунаси ва эҳтиёт қисмлари олиб келинди. Айни вақтда бу ерда кунига 50 дан ортиқ беморлар шу ернинг ўзида текширувдан ўтмоқда. Шунингдек, яна бир замонавий ва ноёб артроскоп тиббий ускунаси ҳам келтирилди. Маълумот учун айтиш керак, мазкур ускуна фақатгина Бухоро шаҳрида бор эди. Эндиликда мазкур тиббиёт ускунаси Ғиждувон туманида ҳам мавжуд.


Туман тиббиёт бирлашмаси масъулларининг билдиришича, ҳозирга қадар мазкур тиббиёт ускунаси қўлланилган ҳолда 2 та жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилган.
Тадбирда Ғиждувон тумани ҳокими Шерзод Ашуров қатнашди.
Зариф Комилов, ЎзА