Барчамизни ягона Ватан туйғуси атрофида бирлаштиради
Ҳар бир мустақил давлатнинг ўзлигини, миллий қадр-қимматини ва жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини намоён этувчи муқаддас рамзлари бўлиб, ана шу рамзлар орасида Давлат байроғи алоҳида ўрин тутади
Чунки унда халқнинг тарихи, орзу-интилишлари, бугуни ва келажакка бўлган ишончи мужассам. 1991 йил 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг қабул қилиниши мамлакатимиз тарихидаги муҳим воқеалардан бири бўлди. Бу тарихий сана халқимизнинг асрий орзуси — эркин ва мустақил давлат барпо этиш йўлидаги интилишлари рўёбга чиққан даврнинг ёрқин ифодасидир. Бугун байроғимиз жаҳоннинг турли бурчакларида ҳилпирар экан, у бутун дунёга Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатидаги қиёфаси, салоҳияти ва миллий ғурурини намоён этади.
Байроғимиздаги ҳар бир ранг ва рамз чуқур маъно-мазмунга эга. Мовий ранг мусаффо осмон ва обиҳаётни, оқ ранг тинчлик ва покликни, яшил ранг эса табиат ва янгиланишни ифодалайди. Қизил чизиқлар ҳаётбахш куч ва тириклик тимсоли бўлса, ярим ой ва юлдузлар тарихий анъаналаримиз, эзгу ниятларимиз ҳамда ёруғ келажакка интилишларимизни акс эттиради. Ушбу ранглар уйғунлигида халқимизнинг тинчлик, осойишталик, фаровонлик ва тараққиётга бўлган эзгу мақсадлари намоён бўлади.
Давлат байроғининг қадри, аввало, унинг халқ қалбидаги ўрни билан белгиланади. Уни кўрганимизда қалбимизда фахр ва ифтихор туйғуси уйғонади. Ўзимизни шу юртнинг фарзанди, унинг тақдири ва келажагига дахлдор инсон сифатида ҳис этамиз. Айниқса, халқаро мусобақаларда спортчиларимиз ғалаба қозонганида, илм-фан, маданият ва бошқа соҳаларда юртимиз вакиллари эришган ютуқлар шарафига байроғимиз кўтарилганида бу туйғу янада кучаяди. Чунки байроғимиз билан бирга халқимизнинг орзу-умидлари, меҳнати ва интилишлари ҳам юксалади.
Байроққа ҳурмат Ватанга ҳурматдир. Унга эҳтиром кўрсатиш ҳар бир инсоннинг ўз юртини севиш, унинг қонунлари ва қадриятларини ҳурмат қилиш, тинчлиги ва тараққиётини қадрлаш, мамлакат равнақи учун сидқидилдан меҳнат қилишда намоён бўлади. Давлат рамзларига ҳурмат туйғуси инсон қалбида чуқур илдиз отиши лозим. Чунки ўз байроғини қадрлаган инсон ўз тарихини, миллий ўзлигини ва халқининг қадр-қимматини ҳам қадрлайди.
Менинг назаримда, байроғимизнинг энг буюк қудрати барчамизни ягона Ватан туйғуси атрофида бирлаштира олишидадир. Унинг остида биз бир халқмиз, бир юрт фарзандларимиз ва умумий келажак учун масъулмиз. Ана шу бирлик ва ҳамжиҳатлик мамлакатимизнинг энг катта бойлигидан биридир.
Мазкур сана ҳар биримиз учун мустақиллик қадрини, давлат рамзларига бўлган муносабатимизни ва Ватан олдидаги масъулиятимизни яна бир бор англаш, ардоқлаш туйғусини беради. Тилагимиз, байроғимиз доимо тинч осмонлар остида ҳилпираб, халқимизнинг бирлиги, юртимизнинг осойишталиги, ёшларимизнинг орзу-умидлари ва янги Ўзбекистонимизнинг ёруғ келажаги тимсоли бўлиб, жаҳон узра ҳамиша баланд кўтарилаверсин.
Жанар Алиева,
Халқ депутатлари Чимбой туман Кенгаши депутати
ЎзА