Барчамиз эзгу мақсад атрофида бирлашамиз
Шу кунларда коронавирус пандемияси бутун дунёни оғир синовдан ўтказмоқда.
Муносабат
Шу кунларда коронавирус пандемияси бутун дунёни оғир синовдан ўтказмоқда. Шундай оғир даврда бефарқ бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Зеро, биз бир сўзли, аҳдига содиқ, матонатли ва сабрли халқмиз. Энг муҳими, биздаги ҳамжиҳатлик, бирдамлик, аҳиллик бошқа халқларда учрамайди. Шу боис, ҳар қандай офатни, хавфни барчамиз меҳр-оқибат билан ҳамжиҳатликда енгиб келганмиз.
Ҳар дақиқада дунёга хавф туғдириб, ўзининг оғир фожиали оқибатлари билан инсониятни таҳликага солаётган коронавирус пандемияси кенг тарқалишининг олдини олишда ҳам юксак маданият ва маънавиятимизни намоён этишимизни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.
Биздан фақатгина ҳамжиҳатлик билан карантин қоидаларига қатъий риоя этиш, уйда қолиб ўзимизни ва яқинларимизнинг саломатлигини муҳофаза қилишга ҳисса қўшиш талаб этилаяпти, холос.
Жорий йил 3 апрель куни муҳтарам Юртбошимиз раислигида коронавирус пандемияси келтириб чиқараётган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бу мавзу асосий диққат-эътиборда бўлди.
Йиғилиш аввалида Президентимизнинг халқимизга қилган мурожаатлари эса ўйлайманки, барча ўзбекистонликнинг юрак-юрагига кириб бориб, ҳаммамизни янада ҳушёр ва ҳамжиҳат бўлишга даъват этди.
Мен ҳам тадбиркор, ҳам депутат сифатида Юртбошимизнинг бу мурожаатларидан руҳланиб, тўлқинланиб, Она Ватанимиз, жонажон юртимиз учун янада садоқат билан хизмат қилишга ўзимни бурчдор, деб билдим.
Йиғилишда Президентимизнинг “Ишонтириб айтаманки, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўради. Аммо шу синовли даврларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало, ўзимиз масъулмиз”, дея, куйиниб айтган сўзлари барчамизни янада сергак торттирди.
Биз қайси соҳада фаолият кўрсатмайлик ҳаммамизнинг мақсадимиз бир, йўлларимиз муштарак: шу жонажон Ўзбекистонимиз тараққиётига ҳисса қўшиш.
Бу эзгу йўлда биз депутатлар ҳам муҳтарам Юртбошимизга қанот ва елкадош бўлиб, ёнларида туришимиз, аҳолига кенг кўламли тушунтириш ишларини олиб боришимиз ҳам қарз, ҳам фарздир.
Президентимиз депутатларга катта ишонч билдириб, уларнинг халқ билан давлат ўртасидаги мустаҳкам кўприк, дея эътироф этганлари ҳам бизга бўлган юксак ишончдан далолат эмасми!?
Бугун биз депутатлар ўзимизнинг ибратимиз ва намунамиз билан ҳақиқий халқ вакили эканлигимизни кўрсатадиган вақт келди. Шундай оғир синовли онларда халқимиз корига ярамасак, қачон яраймиз?
Муҳтарам Юртбошимизнинг мурожаатлари орқали “Халқимиз ўз тарихида қандай оғир табиий офатларни кўрган бўлмасин, Қодир Оллоҳнинг марҳамати билан, ўзининг куч-қудрати, вазминлиги ва донишмандлиги орқали уларнинг барчасини енгиб ўтган. Мен ана шундай мард ва матонатли, меҳр-оқибатли халқимизнинг ақл-заковатига, унинг метин иродаси ва қатъиятига тўла ишонаман”, дея қилинган даъватга бугун барчамиз лаббай, деб жавоб беришимиз керак.
Биз қалбан бир бўлсак, ҳеч қандай офат бизга рахна сола олмайди. Зеро, бирлашган ҳамиша ўзган.
Сардор ҒАФФОРОВ,
тадбиркор, Халқ депутатлари Навоий шаҳар
Кенгаши депутати.