Банкларга карта операцияларини ўз тизими орқали қайта ишлашга рухсат берилди
Ўзбекистон банк тизимида карта операцияларини қайта ишлаш жараёнини янада такомиллаштиришга қаратилган янги тартиб жорий этилмоқда. Унга кўра, банкларга бир банкнинг ўзида очилган карталар ўртасидаги айрим тўлов операцияларини учинчи шахс процессинг хизматларини жалб қилмасдан, ўз ахборот инфратузилмаси орқали қайта ишлаш имконияти берилади.
Бу Марказий банки бошқарувининг 2026 йил 14 августдаги 22/7-сон қарори билан белгиланди. Ҳужжат 27 август куни Адлия вазирлигида 3294-4-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.
Қарорда In-house модели тушунчасига ҳуқуқий мақом берилди. Унга кўра, банк процессинг хизматини кўрсатувчи учинчи шахсни жалб қилмаган ҳолда, ўзининг ахборот инфратузилмаси орқали тўлов операцияларини авторизация қилиши, қайта ишлаши ва уларни банк ҳисобварақларида акс эттириши мумкин.
Бироқ бу имконият барча карта операцияларига тааллуқли эмас. In-house модели фақат тўловчи ва маблағ олувчининг банк карталари айнан бир банкда очилган ҳолатларда қўлланилади. Масалан, бир банк мижозининг картасидан шу банкдаги бошқа мижознинг картасига маблағ ўтказилганда операция банкнинг ўз тизими орқали қайта ишланиши мумкин. Турли банклар карталари ўртасидаги операциялар эса мазкур тартиб доирасига кирмайди.
Янги тартибга кўра, бундай операциялар бўйича ҳисоб-китоблар реал вақт режимида ёки белгиланган клиринг сессиялари якунлари бўйича амалга оширилиши мумкин. In-house моделини жорий этиш банклар учун мажбурий эмас. Яъни ҳар бир банк ўзининг техник имкониятлари, инфратузилмаси ва иқтисодий самарадорлигидан келиб чиқиб, ушбу моделдан фойдаланиш ёки фойдаланмасликни мустақил белгилайди. Шу билан бирга, бу имкониятдан фойдаланмоқчи бўлган банклар зиммасига қатор талаблар юкланади. Хусусан, банк In-house моделини ишга туширишдан камида 30 кун олдин Марказий банкни ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилиши лозим.
Хабарномада тизимни ишга тушириш санаси, қайси турдаги операциялар қайта ишланиши, фойдаланиладиган ахборот тизимлари ҳамда ахборот хавфсизлиги ва фаолият узлуксизлигини таъминлаш чоралари кўрсатилиши керак. Янги имконият билан бир қаторда банклар учун ахборот хавфсизлиги бўйича талаблар ҳам белгиланмоқда. In-house моделида ишлайдиган банклар киберхавфсизлик талабларига риоя қилиши, фаолият узлуксизлиги ҳамда ахборот тизимларини тиклаш режаларини ишлаб чиқиши ва уларни камида йилига бир марта синовдан ўтказиши шарт. Бундан ташқари, асосий ахборот тизимидан мустақил захира ахборот тизими ва захира алоқа канали мавжуд бўлиши керак. Банк ушбу захира тизимига ўтиш жараёнини ҳам камида йилига бир марта синовдан ўтказиши белгиланган. Тўлов маълумотларининг махфийлиги, яхлитлиги ва мавжудлигини таъминлаш бўйича ички ҳужжатлар тасдиқланиши, шунингдек операцион ва технологик хатарларни аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш ҳамда камайтириш тартиби белгиланиши лозим.
In-house модели орқали амалга оширилган тўлов операцияларига оид барча маълумотлар банк томонидан камида беш йил давомида сақланиши, уларнинг яхлитлиги таъминланиши ва зарур ҳолларда қайта тикланиши керак.
Агар тизим фаолиятига таъсир кўрсатадиган операцион ҳодиса, ахборот тизимида узилиш ёки ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик билан боғлиқ ҳолат юзага келса, банк бу ҳақда Марказий банкка зудлик билан дастлабки ахборот бериши шарт.
Ҳодисанинг сабаблари, оқибатлари ва уни бартараф этиш учун кўрилган чоралар ҳақидаги батафсил маълумот эса ҳодиса аниқланган кундан бошлаб уч иш куни ичида тақдим этилади. Янги механизм, аввало, банкларнинг ички технологик имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Бир банкнинг ўз карталари ўртасидаги операцияларни ташқи процессинг хизматларисиз амалга ошириш банкка операцияларни қайта ишлаш жараёни устидан кўпроқ назорат қилиш имконини беради.
Шунингдек, операцияларни қайта ишлашда ташқи инфратузилмага боғлиқликнинг камайиши айрим ҳолларда тўловларнинг тезкорлиги ва барқарорлигини ошириши мумкин.
Банклар учун процессинг харажатларининг оптималлашиши эса келгусида айрим хизматлар бўйича комиссияларни қайта кўриб чиқиш имконини бериши мумкин. Бироқ бу автоматик равишда барча банкларда комиссиялар пасаяди, дегани эмас. Тариф сиёсати ҳар бир банкнинг ўз қарорларига боғлиқ бўлади.
Шу тариқа, янги тартиб банкларга рақамли тўлов инфратузилмасини ўз имкониятларидан келиб чиқиб ривожлантириш учун қўшимча ҳуқуқий ва технологик имконият яратади.
Муҳими, In-house модели банкларга берилган ихтиёрий имконият бўлиб, уни жорий этган банклар ахборот хавфсизлиги, киберхавфсизлик ва тизимларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича белгиланган талабларга қатъий риоя қилиши керак.
Қарор 2026 йил 29 ноябрдан кучга киради.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА