Банк ва университет ўртасида ҳамкорлик
“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўртасида жорий йил 18 февраль куни ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Президентимизнинг 2017 йил 27 июлдаги “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ижросини таъминлаш, таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг инновацион ҳамкорлигини амалга ошириш асосида инновацион-корпоратив ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида имзоланган меморандум банк ва университет ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.
“Ўзмиллийбанк” АЖ ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўртасидаги ҳамкорлик олий таълим ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш, талабаларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини амалга ошириш учун зарур шароит яратиш, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, олий таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги инновацион алоқаларни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, банк тизимининг ривожланиш тенденцияларини ўрганиш бўйича қўшма лойиҳалар яратиш ва уларни амалга ошириш, натижаларни инновацион асосда банк тизими амалиётига татбиқ этиш, университет кафедралари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган ҳолда бакалавриат ва магистратурада таҳсил олаётган талабаларнинг ишлаб чиқариш ва малакавий амалиётларини ташкил этиш имконини беради.
Меморандум доирасида “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамиятининг келгуси истиқболдаги фаолиятини ривожлантириш бўйича долзарб муаммоли мавзулар рўйхатини шакллантириш ва ушбу мавзулар бўйича ҳамкорликда тадқиқот олиб бориш, долзарб муаммоли мавзулар бўйича илмий ишлар тайёрлаш, форумлар, семинар ва конференциялар ташкил этиш, университетнинг бакалавриат ва магистратура таълим босқичида таҳсил олаётган талаба, тингловчиларнинг ишлаб чиқариш ва малакавий амалиётларини “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамиятида самарали ташкил этиш, малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида банкнинг етакчи ходимларини ўқув жараёнига жалб этиш режалаштирилган.
Тадбирда таъкидланганидек, Тошкент давлат иқтисодиёт университети "Бухгалтерия ҳисоби" кафедраси қошида “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади. Марказда таҳсил олган талаба-ёшларга “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти томонидан махсус сертификат тақдим этилади. Сертификатга эга бўлган марказ битирувчилари келгусида “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти тизимида иш билан таъминланади.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети томонидан билдирилган яна бир уч томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, яъни “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти кўмагида корхоналарга кириб бориш, улардаги мавжуд муаммоларни ёш ва иқтидорли талабалар томонидан инновацион ечимлар ёрдамида бартараф этиш таклифи Банк раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланди. Жумладан, уч томонлама ҳамкорликни таъминлаш баробарида Банкнинг инвестицион иштироки асосида амалга оширилаётган йирик лойиҳаларда ҳам иқтидорли ва креатив фикрловчи талаба ёшлар ҳамкорлигини таъминлаш таклифи илгари сурилди.
Мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон” ни барпо этишдек улуғ мақсадга эришиш йўлида асосий таянчимиз бўлган азму шижоатли ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларга барча соҳаларда ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб бериш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Шу маънода “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми ҳам ёш кадрларни ҳар тамонлама қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.
“Ўзмиллийбанк”АЖ
матбуот хизмати.
Ойбек Пардаев(сурат), ЎзА