Банк тизимида янги занжир – рақобатчи пайдо бўлмоқда
Аҳоли ўртасида қарз олди-бердиси минг йиллардан буён мавжуд молиявий муносабатлардан бири ҳисоблансада, бу муносабатларни такомиллаштириш тизимли ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Албатта, бу жараёнларнинг қонуний расмийлаштирилиши қарз муносабатларида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олади.
Бугунги кунда, республикамизда кредит муносабатлари нафақат банклар, балки микромолия ташкилотлари ва ломбардлар орқали ҳам амалга оширилади. Бу эса ўз навбатида, молия бозори иштирокчилари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратади.
Деярли ҳар биримиз у ёки бу кўринишда кимдандир қарз олганмиз ёхуд қарз берганмиз. Жисмоний шахслар ўртасида олди-берди қарз муносабатларининг ўзига яраша муаммолари бўлиб, масалан, қарз олган шахс қарз маблағларини қайтаришдан бўйин товлаши мумкин. Бундай вазиятларда маблағлар тақчиллигининг энг мақбул ечими сифатида микромолия ташкилотларига мурожаат қилишдир.

Микромолия ташкилотлари — бу бошқача айтганда банкнинг кичик укаси. Фақат кредитлаш жараёни бирмунча халқчилроқ. Ҳозирда 84 та микромолия ташкилоти фаолият юритмоқда, жами активлари миқдори 3,9 трлн. сўмни (2021 йилнинг шу даврига нисбатан 3,3 баробарга ошган) ташкил этади.
Ҳудудлар кесимида олиб қаралганда, Тошкент шаҳри (33 та), Фарғона (18 та), Бухоро (8 та), Хоразм (6 та), Наманган (5 та) Тошкент (4 та) ва Андижон вилоятларида (4 та) микромолия ташкилотлари фаолият юритмоқда.

Эндиликда, бу каби микромолия ташкилотларини янада ривожлантириш ҳамда аҳолига микромолиявий хизматларнинг оммабоплигини янада ошириш мақсадида жорий йилнинг 10 ноябридаги “Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда микромолия хизматларининг ўрни ва улушини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори билан жисмоний шахс бўлган қарз олувчига ажратиладиган микроқарз миқдори эллик миллион сўмдан юз миллион сўмга оширилди. Бунинг натижасида аҳолининг фаол қисми микромолиявий хизматлардан фойдаланган ҳолда ўзини ўзи банд қилиши ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши орқали тадбиркорлик субъектига айланишига эришиш мумкин.
Шунингдек, 2024-2026 йилларда микромолиялаш бозори ҳажмини 5 баробарга ошириш, микромолиявий хизматлар билан 1 млн.дан ортиқ тадбиркорни қамраб олишга эришилади.
Микромолия ташкилотларининг жисмоний шахс бўлган иштирокчиларидан устав фондига киритилган ҳисса суммасини икки баравардан ошмайдиган миқдорда қарз маблағларини жалб этиш орқали микромолия ташкилотларининг ресурс базаси кўпайтирилади.
Тасаввур қилинг, рўзғорингиз учун оз миқдорда нимадир сотиб олишингизга тўғри келди. Ва буни тез амалга оширмоқчисиз. Бунинг учун, албатта, бозорга ёки катта супермаркетга боришингиз шарт эмас, маҳаллангиздаги дўкон ҳам бемалол эҳтиёжингизни қондиради. Микромолия ташкилотлари ҳам худди шу каби аҳолидаги кичик миқдордаги молиявий эҳтиёжларни тезда, ортиқча ҳаракатларсиз қондириш учун жуда зарур.
Албатта, микромолия соҳасидаги ушбу қарорнинг қабул қилиниши амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазкур қарорга мослаштирилишини тақозо этади. Энг муҳими, микромолиявий хизматлар соҳасини янада такомиллаштиришга ҳуқуқий асос яратилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА