Банк соҳаси кишидан покликни талаб қилади
Тўлқин Амонов ёшлигидан ҳисоб-китобга қизиқди. Мактабда аниқ фанларга меҳр қўйиб, банкда ишлашни орзу қилди.
Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги ўрта мактабни тамомлаб, 1974 йил Тошкент халқ хўжалиги институтига ўқишга кирди. Банк соҳасидаги фаолиятини 1978 йил Самарқанд вилояти Давлат банкининг Оқтош бўлимида иқтисодчи лавозимидан бошлади. Иқтидори туфайли соҳада ҳурмат қозонди. Соҳада турли лавозимларда фаолият юритди. Орада ҳаётнинг турли синовли чиғириқларидан ҳам ўтди. Нотўғри айблов билан бир муддат озодликдан маҳрум этилди.
Анча муддат ўзи севган соҳада ишлай олмади. Турли ишлаб чиқарувчи корхоналарда иқтисодчи ва хусусий корхоналарда раҳбар лавозимларида ишлади. Доим банк соҳасига қайтишга, қайтганда ҳам оқланиб қайтишга уринди ва бу орзуси ушалди.
– Банк соҳаси қизиқ соҳа, – дейди Тўлқин Амонов. – Кирдингми, чиқиб кета олмайсан. Чиқиб кетсанг, тезда уни соғинасан. Бу соҳада ишлашни ўсмирлик вақтим астойдил хоҳлаганман. Орзуларим ушалгач, соҳада малакамни оширишга киришдим. Банк ҳаётимнинг бир бўлагига айланган. Касбимга қанчалик меҳрим баланд бўлса, иш жойимни ҳам шунчалар севаман. Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан бир вақтлар ноҳақ айбланганларни оқлаш бўйича самарали ишлар амалга оширилди. Иш ёпилганига анча бўлган бўлса-да, яна уни ўрганиш имконияти берилди. Ҳар қандай шикоятлар эса кўриб чиқилмоқда. Асоссиз қамоқда ушланган Ўзбекистон фуқароларига ўзларини оқлаш имкони берилди. Бунда мен ҳам 24 йил ичида юрагимга тугиб юрган ниятларимни амалга оширдим. Тўғри, осон бўлмади. Бу орада турли соҳаларда нуфузли лавозимларда ишлаган бўлсамда, банк тизимига қайтиш ниятим сўнмади. Қайтганда ҳам оқланиб, сўнг қайтишим керак, дедим. Қарийб 25 йиллик орзуим 2020 йил баҳорида амалга ошди. Мана бугун яна банк соҳасида фаолият юритаяпман.
Сабр таги сариқ олтин, деб бекорга айтишмаган доно халқимиз. Тўлқин Амонов 24 йил олдин бўйнига қўйилган айбловларини 2020 йилда олиб ташлашга мушарраф бўлди. Суд олдида, аввало, виждони олдида оқланди.
– Биз ҳам банклари кўп мамлакатлар қаторидамиз, – дейди таниқли иқтисодчи Алижон Юсупов. – Уларда асосан ёшлар ишлашади. Фан ва техника тараққий этган бўлса-да, банкнинг вазифаси ҳамон ўша – инсон омилига наф келтириш, мамлакат тараққиётига молик ишларни амалга ошириш. Шундай экан, ёшлар тажрибали иқтисодчиларни, банк соҳасини икир-чикиригача биладиган банкирларни ва қолаверса, шу соҳасининг фидойиси Тўлқин Амонов сингари инсонларнинг этагидан тутиб, соҳа ривожига ҳисса қўшишлари керак. Соҳага садоқат ва меҳр қўйишни ўрганиш керак.
Банк соҳаси ҳақида гап кетса, беихтиёр киши ҳаёлига пул, ҳисоб рақамда сақланаётган қимматли қоғозлар, омонатлар келади. Банкда ишлайдиган кишиларни эса, қиладиган иши пул санашдан иборат, деб тушунилади. Банк, аввало, инсон учун унинг истиқболли ҳаёти, у яшаб турган мамлакат фаровонлиги учун курашадиган ташкилот.
Тўлқин Амонов Микрокредитбанк амалий бошқармаси бошлиғи лавозимида иш бошлаган. Айни вақтда соҳа ривожига ўз ҳиссасини қўшиб, ёшларга ўз тажрибасини улашиб келмоқда.
Банк соҳаси жуда инжиқ соҳа. У кишидан катта масъулият ва юксак салоҳият талаб этади. Банк соҳасига меҳр қўйган киши бу касбни ташлаб кетгиси келмайди. Четдан қараганда фақат ҳисоб-китоб, пул ва у билан боғлиқ муносабатларни амалга оширадиган жойдек кўринади. Аммо бу ерда инсон омилига эътибор, мамлакат тараққиётига молик ишлар ҳал бўлади. Ривожланган давлатларнинг банклари ҳам кўп бўлади.
Дилобар Маматова, ЎзА