Банк омонатлари 200 миллион сўмгача кафолатланади
Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида Марказий банкнинг Жамоатчилик билан алоқалар ва коммуникацион сиёсат департаменти лойиҳа менежери Зилола Худойбердиева иштирокида брифинг ўтказилди. Унда банк хизматларидан фойдаланувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва янги талаблар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, банк хизматлари шаффофлигини ошириш, мижозларга тўлиқ ва тушунарли ахборот бериш ҳамда уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган чоралар кучайтирилмоқда.
2026 йилда аҳоли учун ипотека кредитларига 23 триллион сўм ресурс, уй-жой сотиб олишда бошланғич тўлов ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун 2,7 триллион сўм субсидия ажратилиши белгиланган. Имтиёзли ипотека кредитлари миқдорини 15 фоизга ошириш, истеъмол кредитлари ҳажмини эса 125 триллион сўмга етказиш режалаштирилган.
2025 йилда қабул қилинган “Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, янги омонатлар бўйича бир банкда бир омонатчига 200 миллион сўмгача бўлган маблағ кафолатланади. Қонун кучга киргунга қадар банкка қўйилган муддатли ва жамғарма омонатлари эса миқдоридан қатъи назар тўлиқ кафолатланади. Кафолат тизими тадбиркорлик субъектлари, жумладан якка тартибдаги тадбиркорларнинг омонатларига ҳам татбиқ этилади.
– Марказий банк ўрганишлари давомида айрим омонат шартномаларида мижоз ҳуқуқларини чеклаши мумкин бўлган шартлар аниқланди. Шу боис банкларга шартномаларни қайта кўриб чиқиш ва қонунчиликка зид бандларни бартараф этиш топширилди. 2026 йил 30 январдан банклар омонатларни кафолатлаш тизими ва компенсация тўлаш тартиби ҳақида мижозларга аниқ ахборот бериши шарт.
Кредит олувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳам янги талаблар белгиланди. Банклар кредит беришдан олдин эҳтимолий хатарлар, жумладан, тўловни кечиктириш ва қарзни ўз вақтида тўламаслик оқибатлари ҳақида маълумот бериши лозим. Мижознинг хоҳиш-иродасини олдиндан белгилаш, айрим хизматларга автоматик розилик олиш ва кредит параметрларини олдиндан тўлдириш каби амалиётлар ҳам чекланмоқда, – деди Зилола Худойбердиева.
Президентнинг 2026 йил 15 июлдаги ПҚ-265-сон қарори ижроси доирасида Марказий банк Бошқарувининг 2026 йил 15 сентябрдаги 24/18-сон қарори қабул қилиниб, 30 сентябрда 3948-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган. Унга кўра, кредит рекламасида кредитни ўз вақтида тўламаслик истеъмолчи учун молиявий хатарларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш берилади. У босма ва электрон реклама майдонининг, аудио ва видеорекламада эса унинг давомийлигининг камида 10 фоизини эгаллаши керак.
Кредит шартномасининг биринчи саҳифасида ҳам “ОГОҲЛАНТИРИШ!” матни жойлаштирилади. Унда қарз миқдорининг ошиши, мол-мулкка ундирув қаратилиши, кафил ёки гаровга қўювчининг жавобгарлиги, ҳисобварақлар хатланиши, айрим ҳолларда Ўзбекистондан чиқиш ҳуқуқи вақтинча чекланиши ва кредит тарихи ёмонлашиши мумкинлиги кўрсатилади.
2026 йил август ойида аҳолига муддатли тўлов хизматларини тартибга солиш бўйича ҳам янги чоралар белгиланиб, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва яширин қарз юки ортиб кетишининг олдини олиш мақсад қилинган.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА