Банк олдидаги қарздорлик эвазига ишлаб чиқариш линиялари мусодара қилинди
Қўқон шаҳрида йирик миқдордаги кредит қарздорлигини ундириш билан боғлиқ ижро ҳаракатлари бошланди.
Маълум бўлишича, Мажбурий ижро бюросининг шаҳар бўлими иш юритувига Бизнесни ривожлантириш банки Фарғона минтақавий филиали фойдасига катта миқдордаги маблағни ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати келиб тушган.

Аниқланишича, 2021 йилда “С.С.С.” МЧЖга ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва маҳсулот тайёрлашни ривожлантириш мақсадида 1 миллион 987 минг АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратилган.
Лойиҳага кўра, корхона янги қувватларни ишга тушириб, иқтисодий жиҳатдан юксалиши лозим эди. Бироқ, ажратилган маблағлар атрофида шубҳали вазиятларнинг юзага келиши ва мажбуриятларнинг бажарилмаслиги ишни судгача олиб борди.
Суд қарори билан қарздорликни мажбурий тартибда ундириш белгилангач, МИБ ходимлари ижро ҳаракатларини бошлади.

Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор жамиятга тегишли бўлган анор шарбати ишлаб чиқариш дастгоҳлари ва технологик линиялари хатланди.
Эндиликда мазкур ускуналар қарздорликни ёпиш мақсадида белгиланган тартибда баҳоланиб, онлайн аукцион савдоларига чиқарилади.
Сотувдан тушган маблағлар биринчи навбатда банк олдидаги қарздорликни ва давлат божларини қоплашга йўналтирилади. Ҳозирда ижро жараёни қонун доирасида қатъий назорат остида давом этмоқда.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА