Банк хизматлари кўргазмаси
Самарқандда банк технологиялари, асбоб-ускуналари ва хизматлари ҳудудий “BankExpo – 2016” миллий кўргазмаси ўтказилди.
Самарқандда банк технологиялари, асбоб-ускуналари ва хизматлари ҳудудий “BankExpo – 2016” миллий кўргазмаси ўтказилди.Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ташаббуси билан Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, мазкур фаолият билан шуғулланиш истагидаги фуқаролар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари иштирок этди.
Кўргазмада тижорат банклари, лизинг ва суғурта компаниялари фаолияти, улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар, тадбиркорлар учун яратилган имконият ва имтиёзлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Таъкидланишича, вилоят тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида 390,8 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилган. Хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга 6 миллиард 671 миллион сўм кредит йўналтирилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 баробар кўпдир.
Кўргазма давомида банк ходимлари ва мутахассислар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга бизнес-режа тузиш, банк кредитларидан фойдаланиш бўйича маслаҳат ва тавсиялар берди.
Тижорат банклари томонидан вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари, микрофирмалар, фермерлар ҳамда ўз бизнесини бошлаётган таълим муассасалари битирувчиларининг бизнес лойиҳалари бўйича ўтказилган танлов ғолибларига имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
– Бу йил Самарқанд иқтисодиёт коллежини битираман, – дейди каттақўрғонлик Дилшод Эргашев. – Ўқишдан сўнг ўз бизнесимни йўлга қўйиб, савдо ва ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланмоқчиман. Бунинг учун “Қишлоқ қурилиш банк” кўмагида лойиҳа ҳам ишлаб чиққанман. Бугун ушбу лойиҳам қўллаб-қувватланиб, 15 миллион сўм кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатга эга бўлдим.