Бандихонлик Диёрбек Ўралов АҚШда ўқийди
Сурхондарё вилоятидаги Бандихон туман ихтисослаштирилган мактаби ўқувчиси Диёрбек Ўралов Америка Қўшма Штатларининг University of Minnesota олий таълим муассасасига қабул қилиниб, гуманитар фанлар йўналишида ўқиш имкониятини қўлга киритди.
Бу ҳақда хабар берган туман ҳокимлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, Диёрбек мамлакатимизда ёш авлоднинг чуқур билим олиб, камолга етиши учун яратилаётган шароитлардан оқилона фойдаланиб, аъло баҳоларга ўқимоқда. Бетиним изланиб, илм-фан сирларини чуқур эгалламоқда.

Дунёнинг энг ривожланган давлатидаги университетда ўқиш бахтига муяссар бўлган Диёрбек Ўралов таълим-тарбия олаётган ихтисослашган мактабда ўғил-қизларнинг ўқиб, изланиши ва ўз истеъдодини кенг намойиш этиши учун барча имконят яратилган. Дарслар илғор педагогик ёндашувлар асосида олиб борилади. Иқтидорли, изланувчан ўқитувчиларнинг “Ёш академиклар” клуби ва фан тўгараклари фаолият юритмоқда.
Маълумотларга кўра, АҚШнинг Миннесота шататидаги нуфузли университетда 50 мингдан ортиқ талаба таълим олади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири