Бахт ва шодлик куйчиси
Жиззах давлат педагогика институтида бахт ва шодлик куйчиси шоир Ҳамид Олимжоннинг 110 йиллигига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.
Жиззах давлат педагогика институтида бахт ва шодлик куйчиси шоир Ҳамид Олимжоннинг 110 йиллигига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.
Институт ўзбек тили ва адабиёти факультети ташаббуси билан ташкил этилган адабий-бадиий кечада профессор ўқитувчилар, талабалар, шоир ва ёзувчилар, ижодий ташкилотлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда халқ севгиси, азалий ўзбекона қадриятларга садоқат Ҳамид Олимжон ҳаёти ва ижоди учун раҳнамо куч ва илҳомбахш қудрат бўлганлиги эътироф этилди. Юксак инсоний эътиқод соҳиби Ҳамид Олимжон Ватани ва халқининг маданий тараққиёт йўлидан мардона одимлар билан бориш учун астойдил тер тўкди. Унинг асарлари ҳали-ҳамон ўқувчиларга, руҳий озуқа, бўлиб куч беради.
У шеърият ва наср, драматургия ва бадиий таржима, танқид ва адабиётшунослик соҳаларида самарали меҳнат қилди. Бу соҳаларнинг ҳар бирида ўчмас из қолдирди. Унинг ижоди ўзбек халқининг ижтимоий, иқтисодий ва маданий тараққиётида рўй берган силжишни акс эттирди. Ижтимоий фаолият ҳам, адабий ижод ҳам Ҳамид Олимжон учун фаол ҳаракат майдони бўлди. У ижодкор сифатида икки шеърий драма, 200 га яқин шеър, 4 та баллада, 9 та достон, кўплаб публицистик ва адабий-танқидий мақолалар яратди.
Анжуманда сўзга чиққанлар унинг асарларидан парчалар келтириб, йиғилганларга унинг яратилиш тарихи ва шиор ҳаётининг энг қизғин жамлари ҳақида ҳикоя қилди.
Тадбирда шоир қаламига мансуб шеърлар Ҳамид Олимжон ва Зулфия ижод мактаби ўқувчилари томонидан ифодали ўқилди.
Ҳассос қалб соҳиби, бахт ва шодлик куйчиси ижодига бағишланган кеча институт ижодкор ёшлари томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар билан якунланди.