Баҳромжон Ғозиев “FEI Sport – 2026” форумида иштирок этди
Халқаро от спорти федерацияси (FEI) ташаббуси билан Швейцариянинг Лозанна шаҳрида жойлашган “IMD Business School” базасида “15-FEI Sport – 2026” форуми бўлиб ўтди. Олимпия пойтахти сифатида танилган ушбу нуфузли масканда ўтган тадбирда 230 нафардан ортиқ халқаро мутахассис ва спорт вакиллари қатнашди.
Мазкур анжуманда Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси, Осиё от спорти федерацияси вице-президенти ҳамда “FEI Solidarity” департаменти кенгаши аъзоси Баҳромжон Ғозиев ҳам иштирок этди.

Уч кун давом этган форумда от спортини янада ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда замонавий ёндашувларни жорий этишга қаратилган қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, ёш спортчиларни юқори спорт маҳорати босқичига олиб чиқиш ва уларни қўллаб-қувватлаш механизмлари, 2028 йилги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик доирасидаги янги регламентлар атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, от йўрттириш йўналишидаги янгилик, “FEI Solidarity” дастури доирасида жорий этилаётган янги “Event Stable Manager” сертификати, маркетинг ва коммуникация стратегиялари ҳам муҳокама марказида бўлди.
Форумда ветеринария соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, қоидаларни такомиллаштириш, илмий тадқиқотлар олиб бориш ва мутахассислар масъулиятини ошириш масалалари кўтарилди. Бундан ташқари, отларнинг фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш глобал даражадаги устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилди.
Тадбир якунида иштирокчилар келгусида ўтказиладиган халқаро мусобақаларга тайёргарлик, жумладан, 2028 йил Лос-Анжелесда ўтадиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларига пухта ҳозирлик кўриш борасида ўзаро тажриба алмашди.
Қайд этилишича, мазкур форум халқаро миқёсда тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда от спортини янада оммалаштириш ва ривожлантириш йўлида муҳим аҳамият касб этди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА