Баҳорги мавсумга тайёргарлик қизғин
Бухоро вилояти Ромитан туманида жойлашган “BCT Cluster Agrokompleks” масъулияти чекланган жамиятига қарашли машина- трактор паркида 2024 йил экиш мавсуми учун баҳорги экиш техникаларини тайёрлаш ва шу билан бирга, экин зараркунандаларига қарши курашишда биолабораториялар моддий–техник имкониятини мустаҳкамлаш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича вилоят кўргазмали ўқув-амалий семинари ташкил қилинди.
Семинарда туманлар ҳокимлари, ИИБ бошлиқлари, чигит экишга масъул бўлган вилоят бошқарма ва идоралари раҳбарлари, агрокластерлар ҳамда уларнинг масъуллари, агроинспекция мутасаддилари, фермерлар, қишлоқ хўжалиги бўлими вакиллари қатнашди.

2024 йил ҳосили учун баҳорги дала ишларида қатнашадиган қишлоқ хўжалиги техникалари мутахассислар кўригидан ўтиб, шай ҳолатга келтирилган чопиқ тракторлари, культиваторлар, чигит экиш сеялкалари ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникаларининг қай даражада сифатли таъмирдан чиқарилганлиги кўздан кечирилди.

Кўргазмали ўқув-амалий семинарида сўз олган вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Аскар Жаводов экишда иштирок этадиган техника ва механизмлар таъмири, моддий-техник имкониятлар хусусида тўхталди. Шунингдек, семинар давомида қишлоқ хўжалиги техникаларининг сифатли таъмири қандай бўлиши ва уни қабул қилиб олишда эътибор қаратиладиган жиҳатларга ҳам эътибор қаратди.
Вилоятда жорий 2024 йилда 96 минг 220 гектар майдонда 362 минг тонна пахта хомашёсини етиштириш белгиланган.

Семинарда, шунингдек, сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, дала майдонлари четларини бўш қолдирмаслик, барча агротехник қоидаларга амал қилиш бўйича мутахассисларнинг тавсия ҳамда кўрсатмалари тингланди.

Айни пайтда “BCT Cluster Agrokompleks” масъулияти чекланган жамиятида 2024 йил баҳорги дала ишларининг ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини таъминлаш учун 122 та чопиқ трактори, 35 та пуркагич (ОВХ), 24 та чигит экиш сеялкаси, 6 та лазерли ер текислагич ҳамда бошқа турдаги техника ва агрегатлар мавжуд. Уларни таъмирлаш ишлари якунига етказилган.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири