Аждодлар хотирасига эҳтиром
9 май — Хотира ва қадрлаш куни
9 май — Хотира ва қадрлаш куни халқимиз қалбида инсон қадрини улуғлаш, Ватан равнақи ва тинчлиги йўлида жон фидо қилган мард ва жасур аждодлар хотирасига чуқур ҳурмат бажо келтириш тимсоли сифатида алоҳида ўрин эгаллайди.
Бу сана нафақат ўтганларни ёд этиш, балки бугунги тинч ва осуда ҳаётнинг қадрига етиш, мустақиллик ва осойишталикнинг нақадар бебаҳо неъмат эканини англашга чорлайдиган муқаддас қадриятдир.

Хотира миллатнинг маънавий таянчи, қадрлаш эса инсонийликнинг энг олий мезонидир. Аждодлар жасорати ва фидойилиги билан суғорилган тарих саҳифаларини ёд этиш, уларнинг машаққатли ҳаёт йўлларини эъзозлаш бугунги авлод зиммасидаги шарафли ва масъулиятли вазифадир. Айниқса, Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ортида фидокорона меҳнат қилган, оғир синовларни матонат билан енгиб ўтган нуронийларнинг ҳаёт йўли бугунги ёшлар учун чинакам сабоқ мактабидир.
Шу муносабат билан Шимоли-ғарбий ҳарбий округи Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари ҳамда фахрийлар кенгаши томонидан бир қатор маънавий-маърифий ва хотира тадбирлари ташкил этилди. Тадбирлар давомида Ватан равнақи йўлида хизмат қилган фахрийлар ҳолидан хабар олиниб, уларга юксак эҳтиром ва меҳр кўрсатилди.

Ана шундай эзгу ташаббуслардан бири сифатида сержант Қалила Жумановнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олиниб, уларга самимий эътибор ва ғамхўрлик билдирилди. Бу каби ташрифлар инсон қадрини улуғлаш, ҳарбий оилаларга эҳтиром кўрсатиш ва жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли.
Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши фронт орти қатнашчиси, Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи Шукура Ишмуратованинг ҳолидан хабар олиниб, байрам совғалари топширилди. Нуроний онахонга кўрсатилган эҳтиром ва ҳурмат унинг қалбида чексиз мамнуният уйғотди. Тадбир давомида фахрийга алоҳида эътибор қаратилиб, унинг ҳолидан доимий хабар олинаётгани юртимизда инсон қадри улуғланаётганининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Бундан ташқари, Мудофаа вазирлиги фахрийлари Марат Доужанов ҳамда Сулайман Сатхановнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, ҳарбий хизматчилар томонидан уй-рўзғор ишларида амалий ёрдам кўрсатилди. Бу эса фахрийларнинг кундалик эҳтиёжларини енгиллаштириш билан бирга, уларга бўлган юксак ҳурмат ва эътиборнинг амалий ифодаси бўлди.
Фахрийлар билан самимий мулоқотлар жараёнида Шукура Ишмуратова уруш йилларидаги оғир синовлар, машаққат ва йўқотишларга тўла кунлар ҳақида сўзлаб берди. Унинг матонат ва сабр билан босиб ўтилган ҳаёт йўли бугунги авлод учун ҳақиқий жасорат мактаби бўлиб янгради. Фахрий бугунги тинч ва осойишта ҳаётнинг қадрига етиш, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлиги йўлида жон фидо қилган аждодлар хотирасини эъзозлаш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи эканини алоҳида таъкидлади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.