Айтсам тилим, айтмасам дилим...
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганига 30 йил тўлди.
21 октябрь – ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганига 30 йил тўлди.
Шу давр ичида қонун ижроси борасида анча-мунча ишлар амалга оширилди. Асрлар давомида турли босқинлар оқибатида гоҳ араб, гоҳ форс, гоҳ рус тиллари соясида қолиб келган туркий – ўзбек тилимизни чинакам давлат тилига айлантириш йўлида бир талай амалий қадамлар ташланди. Албатта, қандай муваффақиятга эришган бўлсак, барчаси ўзимизнинг ютуқларимиз. Бироқ давр тулпори шунчалик тез илгариламоқдаки, кўп ҳолларда ортидан қувиб, етиб улгуролмай қолаётганимиз яққол сезилмоқда. Айтайлик, Ватанимиз мустақилликка эришганидан буён ўзбек тилида сўзлашувчи аҳоли жаҳон миқёсида тақрибан 50 фоизга кўпайиб, қарийб 40 миллион кишига яқинлашиб қолди. Бу эса, ўзбек тили ҳам дунёнинг йирик тилларидан бирига айланди, демакдир. Аммо шуни таассуф билан қайд этиш керакки, она тилимизга муносабат унинг буюк мавқеига сира-сира лойиқ эмас.
Ўзбек тилига юксак умид ва ишонч билан Давлат тили мақоми берилганидан сўнг кўп ўтмай, навбатдаги дадил қадам ташланди, яъни лотин ёзувига асосланган алифбони жорий этиш ҳақидаги тарихий қонун қабул қилинди. Афсуски, ушбу ҳужжат ижроси ҳам “Давлат тили тўғрисида”ги қонун сингари ниҳоятда суст бажарилмоқда. Ҳатто, айрим зиёлиларимиз томонидан яна кирилл ёзувига қайтиш ёки янги имлони яна ислоҳ қилиш сингари ташаббус-таклифлар билдирилмоқда.
Янги имлони қайта ислоҳ қилиш масаласига келсак, кейинги бир аср давомида ёзувимиз неча марта ўзгартирилганини бир эслаб кўрайлик. Араб алифбосини қолоқ ёзув дедилар. Ҳолбуки, Абу Райҳон Беруний, Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби даҳоларнинг мумтоз асарлари араб алифбосида эмасмиди?! Кўп ўтмай, 1929 йилда жорий этилган лотин алифбоси ҳам кимларгадир ёқмай қолди. Бироқ, рус ёзуви билан ҳам кўзланган мақсад-муддао амалга ошмади.
Ватанимиз мустақилликка эришганидан сўнг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг жорий этилиши эса янги тарихий воқеликнинг ўзига хос бир нишонаси бўлди. 1995 йилда амалиётчи тилшунос – мутахассислар таклифи билан алифбомиз сўнгги марта ислоҳ қилинди. Мана, 20 йилдан ортиқ муддат давомида ушбу алифбони болаларимизга ўргатиб келяпмиз. Аммо, негадир, уни тўлиқ жорий этиш галдан галга пайсалга солинмоқда.
2018 йил октябрь ойида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бўлиб ўтган “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва янада такомиллаштириш муаммолари” мавзусидаги илмий-амалий конференцияда янги имлонинг камчиликлари ва ундаги баъзи ҳарфларни ўқиш-ёзиш ноқулайлиги ҳақидаги масала кўтарилди.
Шу ўринда кишида бир савол пайдо бўлади: “Алифбони қулайлаштириш мумкинми?” Масалан, хитой, япон ёки корейс ёзувларини қулай деб бўладими? Бошланғич синфни тамомлаётган хитойлик ўқувчи 500 дан зиёд иероглифни билиши лозим экан. Афсуски, айрим зиёлиларимиз “ноқулай” деган баҳона билан 25 йил давомида 25 та ҳарфни ўрганишга ҳафсала қилишмади. Уларнинг фикрича, “ch” ва “sh” ҳарфларини ёзиш ноқулай эмиш. Ҳолбуки, немис алифбосида битта “ч” товуши тўртта, “ш” товуши учта, “х” товуши эса иккита ҳарф билан ифодаланади. Инглиз ва бошқа халқлар алифболарида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар кузатилади. Нега улар алифбосини бизга ўхшаб, қайта-қайта ислоҳ қилмасдан, асрлар давомида бир шаклда сақлаб келмоқда?! Бу уларнинг на ақлига, на тараққиётига, на иқтисодиётига зарар келтирмаяпти-ку! Менимча, бу ўйлаб кўришга арзийдиган гаплар.
Назаримда, алифбо, биринчи галда, қулайлиги билан эмас, балки у ёки бу тилдаги ҳар бир товушни ифодалаш имконияти билан қадрли. Шу маънода, ҳозир биз мактабларимизда, ўқувчи-ёшлар ва педагоглар учун мўлжалланган нашрларда қўллаётган алифбомиз ўзбек тилининг барча талабларига жавоб бера олади, фақат унда кичик бир жузъий камчилик бор. У ҳам бўлса, янги алифбода сирғалувчи “ж” товушини ифодалайдиган алоҳида ҳарф мавжуд эмаслигидир. Ушбу муаммони ҳам осонгина ҳал қилиш мумкин. Агар бу товуш ҳозирча алифбода ўз ўрнини тополмай турган “с” ҳарфи билан ифодаланса, олам гулистон бўлади-қўяди.
Яна бир томонини айтиш керак, амалдаги лотин ёзувимиз АКТ технологиялари билан олий даражада уйғунлаштирилган. Компьютер ва бошқа коммуникация воситаларида ўзбекча ёзиш учун ҳеч қанақа қўшимча дастурлаш ёки қайта мослаштиришга эҳтиёж йўқ. Янги алифбомиздаги қулайликлар кичик жузъий камчиликлар олдида беқиёс устунликларга эга. Қолаверса, янги ёзувимиз бутун дунё миқёсида аллақачон тарқалиб улгурди. Ишонмасангиз, исталган компьютер, планшет ёки уяли телефон аппаратининг ўзбек тилида ишлайдиган версиясига кириб кўринг.
Янги алифбо ислоҳотчиларининг таклифи асосида иш тутиб, айрим ҳарфларга “дум” ё “шох” қўядиган бўлсак, худди илгари ҳар бир ёзув машинкасига қўшимча ҳарфлар ясашга тўғри келган ҳолатдагидек аҳволга тушиб қолишимиз тайин. Яна шуни ҳам унутмаслик керакки, ҳар гал алифбо ёки алифбодаги ҳарфларни ўзгартиравериш йирик маънавий ва молиявий йўқотишларни келтириб чиқаради.
Менга қолса, болаларимиз дунё ўзбеклари қўллаётган ҳар учала ёзув: лотин, крилл ва араб алифбосини ҳам бирдек яхши билиши тарафдориман.
Ўзбек тили чинакам Давлат тилига айланиши йўлидаги яна бир жиддий муаммо – саводхонлик масаласидир. Китоблар, даврий нашрлар, кўча ва майдонлардаги битикларни кўриб, кулишингни ҳам, ачинишингни ҳам билмай қоласан киши. Ҳаваскор журналистлар томонидан “ошкора” сўзининг “ошкорасизлик” деган янги антоними яратилди. Биз эса “ошкора” сўзининг зид маънолиси “пинҳона” деб юргандик. Ёки “қўшимча қиймат” сўз бирикмасининг “қўшилган қиймат”га айланиб қолганига нима дейсиз? Умуман, тил меъёрларини назорат қиладиган бирор мутасадди ижтимоий институтимиз борми? Керак-нокерак жойларга рус ва бошқа тиллардаги ёзувлар тиқиштирилаётгани ҳақида-ку, гапиравериб чарчадик. Имло хатолари тўғрисида гап очилса, кишининг кўнгли беҳузур бўлади. Яқинда 8-синфлар учун мўлжалланган “Она тили” (!) дарслиги ичига ёпиштирилган “Дарсликдаги хатоларни тузатиш варағи”га кўзим тушиб қолди. Унда китобдаги нотўғри ёзилган сўзларга изоҳ берилибди. Яхшиям буни кимдир сезиб, тузатишга ҳаракат қилган, кеч бўлса-да, хатолар тузатилган. Бироқ тузатилмаган хатолар қанчалигини ҳеч ким билмайди.
Масалан, бир вақтлар замона зайли билан нотўғри ёзиб келинган исм-фамилияларни тўғрилаб қўйиш ҳақидаги даъватлар ҳам унутилиб кетди. Хўжаевлар “Хаджаев”, Жўраевлар “Джураев”лигича яшашда давом этаётир.
Яқинда “Ўзбекистон” радиоканали орқали бир адабиётшунос олиманинг Форс кўрфази мамлакатлари адабиёти ҳақидаги чиқишини қизиқиш билан тингладим. Эшиттириш ғоят мазмунли бўлиб, ундан кўп янги маълумотлар олдим. Бироқ мамлакатлар номи русчасига "Катар, Кувейт, Бахрейн" тарзида талаффуз этилиши дилимни хира қилди. Бошловчининг бир неча марта тузатиш киритганига қарамай, ҳурматли олим тилини тузатмади. Бундан кўриниб турибдики, биз сўзларни нотўғри талаффуз қилишга одатланиб қолганмиз. Оммавий ахборот воситаларида Қуддус шаҳрининг “Иерусалим”, Жазоирнинг “Алжир”, Мисрнинг “Египт” тарзида қўлланаётгани таржимон ва журналистларимизнинг билим савияси ҳаминқадар эканини фош қилиб қўймоқда.
Радио-телевидение ва кино-спектаклларда шева сўзларининг ўринсиз қўлланиши ҳақида ҳам шундай хулосага келиш мумкин. Айтайлик, Шарқшунослик институти олимаси радио орқали қадимий қўлёзмалар ҳақида мароқ билан сўзлар экан, эшиттириш давомида “кевотти-борвотти”, “келовуза-боровуза” тарзидаги диалектизмларни қайта-қайта қўллаганига нима дейсиз?! Энди олий маълумотли филологлар шу тариқа сўзлаганидан кейин, бошқалардан нимани кутиш мумкин?! Шу ўринда таниқли тилшунос олим, профессор Бахтиёр Менглиевнинг “Филология фани ва тил-адабиёт таълими орасида жарлик пайдо бўлди” деган фикри унчалик ҳам асоссиз эмаслиги аён бўлиб қолади. Баъзи ўринларда шевага хос сўзларни қўллашга рағбатлантириш кайфияти ҳам куртак отмоқда. Бунда шуни унутмаслик керакки, шева сўзларининг ўринсиз қўлланилиши тил ва миллат бирлигига зиён келтирибгина қолмасдан, биз бугунги кунда аёвсиз курашаётганимиз – маҳаллийчиликнинг қўлтиғига сув пуркайди. Бугунги серғалва замонда халқ ва миллат бирлиги ҳар қачонгидан кўра зарурроқ аҳамият касб этаётганини зинҳор унутмайлик.
Афсуски, ана шундай бир вазиятда, юқорида ёзилганидек, тил меъёрларини рисолага соладиган шахс ёки ташкилот топилмаяпти. Номигагина ташкил этилган комиссия-ю назоратчиларнинг овози ўчиб кетганига ҳам анча йил бўлди. Йўқса, қонун, қарор, иш қоғозлари ва расмий ҳужжатлар ҳали-ҳануз рус тилида чиқишда давом этмасди ёки бўлмаса, айрим зиёлилар томонидан яна қайтадан рус тилига давлат тили мақомини бериш ҳақидаги калтабин таклифлар овоза қилинмас эди. Яхшиямки, ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинган бу “ташаббус”га миллатпарвар тил жонкуярлари ўзларининг муносиб жавобларини айтишди.
Яқинда “O‘zbekiston” телеканали орқали намойиш этилган ток-шоуда “Давлат тили тўғрисида”ги қонун ижросининг сустлиги учун “Миллий тикланиш” партияси жавобгар экани қабилида фикрлар айтилди. Тўғри, бу гапда ҳам қайсидир маънода жон бор. Лекин гапнинг холисини айтганда, тил ҳақидаги қонун ижроси учун сиёсий партияни масъул қилиб қўйиш унчалик ҳам тўғри иш эмас-да, ахир.
Маълумки, давлат қомус ва қонунлари ижросини назорат қилувчи расмий институтлар – Конституциявий суд ва прокуратура бор. Бироқ биз шу пайтгача бирорта судья ёки прокурорни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги ёхуд “Лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунлари ижроси назорати ҳақидаги ҳисоботини на ўқидик, на эшитдик.
Бу борада Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ва бошқа мутасадди олий таълим муассасаларининг жонкуяр илмий ходимлари ҳам “ҳарфларга дум керакми, шох керакми?” деган дудмал муаммо атрофида ўралашиб қолмасдан, ўзбек тилининг янги алифбодаги намунали имло луғатини, атамалар ва илмий – ижтимоий-иқтисодий терминларнинг ўзбекона шаклларини яратиб берсалар яхши бўлар эди.
Назаримда, бизда она тилимизга нисбатан ҳурмат ва ғурур туйғуси озгина етишмаяпти. Биз – бир гуруҳ ижодкорлар қўшни Қозоғистонда меҳмонда бўлганимизда, қардошларимизнинг ўз тилларига кўрсатган эҳтиромини кўриб, тасаннолар айтдик. Тожикистонга бориб қайтган юртдошларимиз ҳам у ерда ҳар бир битик, энг аввало, тожик тилида, ундан кейингина зарур бўлса бошқа тилда эканини қайд этадилар. Биздаги “химчистка”, “мойка”, “автозапчасти”, “замена масло” каби бошқа ажабтовур битиклар ўрнида “кимёвий тозалаш”, “автотаъмирлаш”, “автоэҳтиёт қисмлари” ёки “мой алмаштириш” дея ёзиб қўйса бўлмайдими?! Рус тилида сўзлашувчи бирорта одам яшамайдиган олис қишлоқларнинг бирида “ходавой” деган хатоли ёзувга кўзим тушди. Уста, ўзича “автомобилнинг ҳаракатланувчи қисмларини таъмирлайман” демоқчи бўлаяпти. Менимча, бунинг ўрнига у “ҳаракатланувчи қисмлар таъмири” деб қўйиши лозим эди. Аммо бу ишни унинг учун ким қилиб беради. Туман марказидаги "Тасвирий ойина" устахонасининг эшигига “хатолар учун жавоб бермаймиз” деб ёзиб қўйилган. Хўш, хатолар учун ким жавоб беради? Машина тузатувчи устами, ошпазми ёки сартарошми?! Шу касбнинг нонини еяпсанми, сен жавоб беришинг керак! Саводсизликни урчитаётган бунақа чаласавод "тасвирий ойина"чилардан воз кечиб, саводли, билимли бошқа ходимлар билан алмаштириш вақти аллақачон етиб келди!
Юқорида қайд этилганидек, эндиликда ўзбек тили дунёдаги энг йирик тиллар қаторидан жой олиб улгурди. Мен ишонаманки, яқин йилларда тилимиздаги сўзлар БМТ, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, МДҲ, ШҲТ ва бошқа шу сингари энг нуфузли халқаро минбарлардан мағрур жаранглайди, дунёдаги бошқа миллат кишилари ҳам ўзбек тилини қизиқиб ўрганади. Бироқ бундан олдинроқ ўзимиз она тилимизни севишимиз, ҳурмат қилишимиз ва авайлаб-асрашимиз лозим.
Худойберди КОМИЛОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.