Айрим поездлар ҳаракатида ўзгариш кутилмоқда (+видео)
Пойтахтимиздаги “Тўқимачи” ҳамда “Тошкент йўловчи” темир йўл бекатлари оралиғида техник таъмирлаш ишлари олиб борилиши муносабати билан юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” электропоездлари, “Шарқ”, “Насаф” ҳамда “Тошкент-Андижон-Тошкент”, “Тошкент-Волгоград-Тошкент”, “Душанбе-Тошкент-Душанбе” йўловчи поездлари жорий йилнинг 15 сентябридан 15 октябригача Тошкент Жанубий вокзали ҳудудидан вақтинча рейсларни амалга оширади.
Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида Тошкент Марказий ҳамда Тошкент Жанубий вокзалларидаги барча чиптахоналар туну кун фаолият кўрсатади. Бундан ташқари, чипталарни электрон тарзда ҳам олиш мумкин. Жанубий вокзалдаги кутиш заллари, вокзалга киришда 3 та бир босқичли назорат ўтиш пунктлари доимий равишда йўловчиларга хизмат кўрсатади.


Шунингдек, бир ой мобайнида Тошкент марказий вокзалидаги чиптахоналардан поезд жўнашидан олдин чипта харид қилган ёхуд янглишиб шимолий вокзалга келиб қолган йўловчиларни жанубий вокзалга олиб бориш учун вақтинча бепул автобуслар ҳам йўлга қўйилмоқда.
Техник таъмирлаш ишлари якунланганидан сўнг пойтахтимиз ҳудудидаги темир йўлларда поездлар ўтказувчанлиги янада ортади ва юк поездларининг тўхтовсиз ҳаракатланишига имконият яратилади.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/JMMMJ9r7bQY" title="Айрим поездлар ҳаракатида ўзгариш кутилмоқда (+видео)" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Ў.Алимов, Д.Ёқубов (видео), ЎзА