Аёллар миграцияси, хориждан қайтган опа-сингилларга оид дозарб масалалар таҳлил этилди
Тошкент шаҳрида “Аёллар меҳнат миграцияси бошқаруви ва хориждан қайтиб келган аёлларнинг иқтисодий қайта интеграциялашувини қўллаб-қувватлаш” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан ташкиллаштирилди.
Унда Ўзбекистон вазирлик ва идоралари, ЕХҲТ, Миграция бўйича халқаро ташкилот вакиллари ва экспертлари иштирок этди.
Семинарнинг очилиш маросимида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Умида Абдуллаева, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори Антти Карттунен, Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғининг ўринбосари Нилуфар Ғиёсова, “Ватандошлар” жамоат фонди директори Одилжон Сатторов, Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси бўлими бошлиғи Сардор Маҳамадиев сўзга чиқди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларда ташқи меҳнат миграциясини тартибли ташкил этиш, меҳнат миграцияси бозори географиясини кенгайтириш, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.
Айниқса, хорижда ишлаётган хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, Ватанимизга қайтгандан сўнг уларнинг жамиятга қайта интеграциясига кўмаклашиш борасида муҳим натижаларга эришилгани таъкидланди.
Сессияларда глобал миграция тенденциялари, институционал механизмлар доирасидаги миллий мажбуриятлар ва гендер тенглигини илгари суриш, аёллар меҳнат миграциясини бошқаришда халқаро ҳамкорлик ва истиқболлар батафсил муҳокама қилинди.
[gallery-30744]
Тадбир доирасида Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграцияси ва ижтимоий-иқтисодий реинтеграциянинг гендер жиҳатлари юзасидан ўтказилган тадқиқот натижалари тақдимот қилинди.
Қорақалпоғистон, Хоразм, Самарқанд, Қашқадарё, Наманган, Фарғона вилоятлари ҳудудида 1200 кишидан ортиқ респондентни (мигрантлар ва уларнинг оила аъзолари) қамраб олган лойиҳа замонавий миграция динамикасини таҳлил қилиш, қонунчилик ва меъёрий базани кўриб чиқиш, ҳамда реинтеграция билан боғлиқ муаммо ва истиқболларни баҳолаш орқали ташқи меҳнат миграциясининг гендер жиҳатларини ўрганишга қаратилган.
Н.Усмонова,
Н.Ҳайдаров (суратлар), ЎзА