Аёлнинг жони балки қирқ биттадир?
Халқимизда "Аёлнинг жони қирқта бўлади", деган гап бор.
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни
Халқимизда "Аёлнинг жони қирқта бўлади", деган гап бор. Бу таърифда бироз камчилик бордай. Аслида, аёл зотининг жони ундан ҳам кўпроқ.
Бунга тарих ҳам, бугунги замон ҳам гувоҳ. Айниқса, машҳур Беларусь ёзувчиси Светлана Алексиевичнинг “Аёлнинг урушдан йироқ қиёфаси” асарида снайперчи, алоқачи, танкчи ва хуллас эркакларга хос вазифаларни бажарган аёллар, уларнинг қирғинбарот жангларда кўрсатган жасорати ҳам бу нозик хилқат вакилларининг иродасини намоён этади.
Карманалик Дилфуза Турсунова ҳам мана 14 йилдирки, Навоий вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёнғин-техник маркази эксперт-мутахассиси вазифасида меҳнат қилмоқда. Бу аёлнинг жасорати ҳам эркак сафдошлариникидан асло кам эмас. Тасаввур қилинг-а, ўт ўчирувчи аёл!

Дилфуза опа билан суҳбатимизни бошлашдан аввал, 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами билан табриклаб, айёмни қандай кутиб олиш режасини сўрадик. Жавоб ҳам қатъий бўлди: ишдан ортиб, анъанага кўра оила даврасида кутиб оламан. Агар ярим тунда топшириқ бўлса, хизматга отланамиз.
Ўт ўчирувчи опанинг ушбу касбга қизиқиши Бухоро юридик техникумини тамомлагач бошланган. Мақсадига эришди. Энг қизиғи, унинг турмуш ўртоғи ҳам вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси диспетчери.
Шу ўринда опани яна бир саволга тутдик: ярим тунда иккалангизга ҳам бирдек хизматдан қўнғироқ бўлиб қолса, нима қиласиз? Топшириқ бажарилиши керак, оила биринчи ўринда бўлса-да, юрт тинчлиги, халқ осойишталиги ундан-да муҳим. Ана шундай юксак масъулиятни елкасига олган аёлнинг жони ҳақиқатан ҳам балки қирқ биттадир?!
– Вазифамиз шунчалик масъулият талаб этадики, воқеа жойига ўз вақтида етиб бориш шарт, – дейди Д.Турсунова. – Кейин олов эгаллаган майдонни аниқлаб, воқеа сабабларини ўргана бошлаймиз. Мураккаб вазиятларда ҳам фалокатнинг асл сабабини аниқлаб, хулоса берамиз. Бизда хатога йўл қўйилмайди. Шунинг учун касбимиз синчковлик, аниқлик ва тезкорликни талаб этади. Аёл бўлсам ҳам шу касбнинг бошини тутдимми, демак барча вазифани уддалашим шарт. Ишдан ортиб, фарзанд тарбияси, рўзғор ташвишига улгуришга ҳаракат қиламан. Турмуш ўртоғим билан бир соҳада хизмат қилганим боис, доимо у инсоннинг ҳам ёрдамига суянаман. Ота-она кўп вақтини ишда ва меҳнатда ўтказса, бола вояга етавергач кимдандир маслаҳат олишга ошиқади. Ҳаётни ўргангиси келади. Оиладан меҳр излайди. Ана шу жиҳатларни алоҳида инобатга олиб, оилам учун вақт топиб, фарзандларимнинг ўй-фикрлари, орзулари, қайси китобларни мутолаа қилаётгани билан қизиқаман. Шаҳар бўйлаб оилавий саёҳатга чиқамиз. Айниқса, тарихий шаҳарларни зиёрат қилиб турамиз. Мана кўрдингизми, ҳаётимизни режали қилиб олсак, ҳаммасига улгурамиз. Бунга фақат қунт ва хоҳиш бўлса бас.
Ҳа, айтгандай, жасоратли Дилфуза опанинг тўнғич ўғли онасининг йўлидан бормоқда. У Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида таҳсил олмоқда.