Аёл энг чиройли, энг ширин хаёл...
Шоира Нигора РАҲМОНОВА шеърлари.
8 март - Халқаро хотин-қизлар куни
Ватан
Ватан, сен кимнингдир кўнглида,
Сохта муҳаббатнинг қурбони.
Лек боқий дунёда абадий,
Абдулла Орифнинг қўрғони.
Сенга гард юқтирмай, асраган ҳар дам,
Қатини бузмайин, шеърий тахмоннинг.
Қоғозга сиёҳин тўкмаган ҳатто,
Қизларисан Шавкат Раҳмоннинг.
Бошпанасин йўқотган қушнинг,
Шерик бўлар ким ҳам дардига.
Мингта алпдан ками йўқ асло,
Сен опасан, Рауф Парфига.
Қўқон-Тошкент йўлларин чизиб,
Муҳрладинг уни довонга.
Чарчаганда опичлаб ўтдинг,
Ака бўлиб Аъзам Ўктамга.
Унингдек чалолмас, ҳеч ким қаламда,
Аруз шеъриятин гўзал нотасин.
Йиқилса тоғ бўлдинг, суяб сен асли,
Эркин Воҳидовнинг отаси.
Осмон бошпанадир, ер унга эшик,
Табиат шоирнинг яшаш хонаси.
Бағридан ҳаммага жой берган Ватан,
Муҳаммад Юсуфнинг онаси.
Шеърим сизга ўхшайди она...
Шеърим сизга ўхшайди, Она,
Баъзан ойлаб ёзмай қўяман.
Худди сизни эсламагандай,
Дийдорини кўрмай қўяман.
Хафа бўлмас, мендан ҳеч қачон,
Баҳор каби ташлаб кетмайди.
Анув олис тоғларга ҳеч ҳам,
Юрагимни бошлаб кетмайди.
Гоҳо йиғлаб, бошимни қўйсам,
Пешонамдан силар оқ қоғоз.
Қалам эса қўлимдан тутиб,
Дейди сиздек, ёзгин, яна ёз.
Кириб келар кутмаганимда,
Худди сиздек эшигим очиб.
Қўйни тўла вазн, туроқлар,
Ҳар томонга юборар сочиб.
Дийдорига тўймасимдан мен,
Яна қайтиб кетар, изига.
Шеърим, Сизга ўхшайди она,
Ўхшамадим, мен эса сизга.
Аёл
Аёл - осмонингда балққан ой эмас,
Боғингда кўкарган энг дуркун дарахт.
Барги юксакларга туташиб кетган,
Уни узолмайин қанча дил карахт.
Аёл - тоғлар каби кучга эгамас,
Қалби пахтадайин оппоқ ва енгил.
Ундан ҳеч нарсани сўрама асло,
Унга фақат кўнглингни бергил.
Ушлама қўлидан сўрамай йўқса,
Ҳуркак оҳулардай қочиб кетади.
Малика эмас у қасрлар қурма,
Кўнглинг кулбасининг ўзи етади.
Аёл ерда яшар, фаришта эмас,
Кўкка учма сен ҳам, кел ёнида қол.
Орзулар эшигин очгин кўрасан,
Аёл энг чиройли, энг ширин хаёл.
Нигора РАҲМОНОВА,
шоира
1974 йилда Фарғона вилоятида туғилган. Фарғона давлат университетини битирган. “Онамдай кенг дунё” номли шеърий тўплам нашр этилган. Айни пайтда “Оила ва жамият” газетаси таҳририятида ишлайди.