Ахендаги жаҳон чемпионати олдидан муҳим синов
Германиянинг Ахен шаҳрида бўлиб ўтадиган от спортининг конкур йўналиши бўйича FEI жаҳон чемпионатида мамлакатимиз тарихида илк бор икки нафар ўзбекистонлик чавандоз иштирок этиши ҳақида хабар берган эдик.
Чавандозларимиз жаҳон чемпионати олдидан Ҳоф-Редентин шаҳрида старт олган ва 9 август кунига қадар ўтадиган CSI2* тоифасидаги халқаро мусобақада иштирок этадиган бўлди. Турнирда Ўзбекистон шарафини Баҳромжон Ғозиев, Бекзод Қурбонов ва Оқилжон Собиржонов ҳимоя қилмоқда.
Мусобақанинг дастлабки кунида барча иштирокчи отлар учун мажбурий ветеринария кўриги ўтказилди. Ўзбекистон терма жамоаси спортчилари иштирок этадиган барча отлар мазкур назоратдан муваффақиятли ўтиб, расман мусобақада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Маълумот учун, 11–23 август кунлари Ахен шаҳрида ўтадиган FEI жаҳон чемпионатида Ўзбекистон номидан Бекзод Қурбонов ва Абдураҳмон Абдуллаев иштирок этади. Ҳар тўрт йилда бир марта ташкил этиладиган ушбу нуфузли мусобақада дунёнинг энг кучли чавандозлари ва спорт отлари жаҳон чемпионлиги учун баҳс олиб боради.
Ҳоф-Редентиндаги CSI2* халқаро турнири эса жаҳон чемпионати олдидан спортчиларимиз учун муҳим тайёргарлик ва амалий синов вазифасини ўтамоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА