Автобусда йўл ҳақини тўламаганларга жарима 10 бараварга оширилиши таклиф этилмоқда
1 сентябрдан шаҳар автобусларида йўл ҳақини автобусга чиқиш биланоқ тўлаш талаб этилади.
2026 йил 1 сентябрдан брутто-шартнома асосида фаолият юритаётган шаҳар автобусларида йўл ҳақини тўлаш тартиби ўзгаради. Янги тартибга кўра, йўловчи автобусга чиқиши билан йўл ҳақини тўлаши шарт.
Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, брутто-шартнома механизмида ташувчининг даромади йўловчилар сонига қараб эмас, балки шартномада белгиланган тариф ва кўрсатилган транспорт хизмати ҳажми асосида давлат ёки буюртмачи томонидан тўланади.
Шу сабабли 1 сентябрдан «автобусдан тушаётганда тўлайман» тартиби амал қилмайди. Йўловчи автобусга чиққандан кейин йўл ҳақини тўламаса, у чиптасиз ҳаракатланаётган деб ҳисобланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 июндаги 276-сон қарорига мувофиқ, йўл ҳақини тўламаган йўловчиларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси 5-қисми асосида чора кўрилади.
Йўловчининг йўл ҳақини тўлаган ёки тўламагани назоратчилар томонидан махсус планшетлар орқали текширилади. Бунинг учун транспорт ёки ижтимоий карта, банк картаси планшетга яқинлаштирилиб, тўлов амалга оширилгани аниқланади.
Йўл ҳақини транспорт ёки ижтимоий картани валидаторга теккизиш, банк картаси, смартфон, бошқа контактсиз тўлов воситалари орқали тўлаш мумкин. Жарима 10 бараварга оширилиши мумкин. Айни пайтда чиптасиз юриш учун жаримани ошириш бўйича таклифлар Қонунчилик палатасига киритилган.
Унга кўра, йўл ҳақини биринчи марта тўламаганлик учун БҲМнинг 0,5 баравари — 220 минг сўм, такроран содир этилганда эса 1 БҲМ — 440 минг сўмгача жарима белгиланиши таклиф этилмоқда. Шу тариқа, йўловчилардан автобусга чиқишлари билан йўл ҳақини тўлаш ва тўловни тасдиқловчи воситалардан тўғри фойдаланиш талаб этилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА