Австралия, Покистон ва Бангладеш энергетика соҳасида фавқулодда чоралар жорий этмоқда
Яқин Шарқ можароси туфайли глобал нефть нархи ошиши Покистонда ҳам ёнилғи нархи кескин кўтарилишига сабаб бўлди. Расмийлар бензин нархи 42,7 фоиз, дизел ёнилғиси эса 54,9 фоиз қимматлашганини эълон қилди. Мамлакат нефть вазири Али Парвоз Малик можаро кучайиши ортидан халқаро бозордаги вазият туфайли қиймат ошиши муқаррарлигини айтди. Бош вазир Шаҳбоз Шариф бу ўзгаришлар мамлакат иқтисодиётига жиддий босим ўтказаётганини тан олди.
Энергетика инқирози шароитида Бангладеш иқтисодиёти ҳам қийин даврни бошдан кечирмоқда. Мамлакат тежамкорлик чораларини жорий этишга мажбур бўлмоқда. Жума кунидан бошлаб ҳукумат идоралари иш вақти соат 9:00 дан 16:00 гача белгиланди, савдо марказлари ва дўконлар соат 18:00 гача ёпилади. Ёнилғи ва электр энергияси харажатини ҳам 30 фоиз қисқартириш кўзда тутиляпти. Шунингдек, баъзи дастурлар ва янги ускуналар сотиб олиш тўхтатилди.

Яқин Шарқ можароси Австралия иқтисодиётига ҳам жиддий зарар келтирмоқда. Орол-давлат расмийлари ҳудудларда ёнилғи танқислигидан огоҳлантириб, Пасха байрами пайти саёҳат қилаётган ҳайдовчиларни шаҳарларда ёнилғи қуйиб олишга чақирмоқда. Ҳукумат қишлоқ хўжалиги учун ёнилғи таъминоти устувор вазифа бўлиб қолиши, тақчиллик талаб ва таклиф номутаносиблиги ортиши билан боғлиқлигини таъкидлади.
С.Раҳимов, ЎзА