Аваза саммити: Марказий Осиё ва Озарбайжонни бирлаштирган тарихий геосиёсий ва иқтисодий бурилиш
Бугун биз дунё геосиёсий харитаси шиддат билан қайта тузилаётган, глобал таъминот занжирлари узилиб, янги иқтисодий ва транспорт йўлаклари шаклланаётган мураккаб бир даврда яшаяпмиз. Мана шундай тарихий шароитда Авазада бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви минтақа тараққиётида муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда Марказий Осиёда кузатилаётган илиқлик, чегараларнинг очилгани, савдо-сотиқ ҳажмининг кескин ўсгани ва энг муҳими, муаммоларни ўзаро мулоқот орқали ҳал қилиш маданиятининг шакллангани тасодиф эмас. Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадида Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартноманинг тузилиши минтақамизда суверен ва тенг ҳуқуқли муносабатлар муҳити яратилганининг исботидир.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Бизга кучли, суверен ва мустақил давлатлар ўзаро ҳурмат, ишонч ва соғлом прагматизм асосида ҳамкорлик қиладиган мослашувчан ва тушунарли формат керак” деган қоида бугунги кун сиёсий воқелигида энг мақбул ва ҳаётий ёндашув экани билан янада аҳамиятлидир. Минтақамизнинг халқаро майдондаги субъектлиги ортиб, “Марказий Осиё плюс” форматларига қизиқишнинг кучайгани айнан шу ишонч муҳитининг натижаси саналади.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Олти иқтисодиёт – битта маҳсулот” формуласи минтақавий интеграцияни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарадиган концептуал ғоядир. Сабаби, ҳозирги кунга қадар мамлакатларимиз бир-бири билан асосан хомашё ва тайёр маҳсулот айирбошлаш билан чекланиб келаётган эди. Бироқ глобал рақобат кучайган шароитда жаҳон бозорига чиқиш қийин. Агар Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон ўз саноат салоҳиятини бирлаштириб, ягона технологик ва ишлаб чиқариш занжирини яратса, бу бутун минтақа иқтисодиётини мутлақо янги босқичга олиб чиқади.
Бу борада 2027 йилда қадимий Хива шаҳрида Марказий Осиё ва Озарбайжон бизнес форумини ўтказиш, шунингдек, қўшма инвестиция лойиҳаларини молиявий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш махсус платформасини яратиш ташаббуслари амалий натижаларга эришиш йўлидаги аниқ қадамлардир.
Шу билан бирга, минтақанинг транзит салоҳиятини ошириш, нафақат йўллар қуриш, балки янги транспорт йўлаклари бўйларида ишлаб чиқариш, логистика ва саноат зоналарини ташкил этиш ғояси транспорт артерияларини чинакам иқтисодий ўсиш нуқталарига айлантиради. Инфратузилмавий ривожланиш бўйича кенгашни тузишнинг тезлаштирилиши эса бу борадаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришнинг ягона механизми бўлиб хизмат қилади.
Энергетика хавфсизлиги ва “яшил” энергетика соҳасидаги ҳамкорлик бугунги куннинг энг ўткир талабидир. Углеводород захиралари ва гидроэнергетика салоҳиятини уйғунлаштирган ҳолда, кам углеродли энергетика бўйича қўшма концепцияни тайёрлаш минтақанинг энергетик барқарорлигини таъминлайди.
Экологик хавфсизлик масалалари орасида сув ресурслари тақчиллигининг олдини олиш, рақамли мониторинг тизимларини жорий этиш ва сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш ҳаётий зарурат ҳисобланади. Ўзбекистоннинг келгуси йилдан Оролни қутқариш халқаро жамғармасида раисликни қабул қилиб олиши бу борадаги амалий ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим минбар бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, Афғонистон билан сув ресурсларидан фойдаланиш масалаларида доимий мулоқотни давом эттириш минтақавий хавфсизлик нуқтаи назаридан ўта муҳим стратегик қадам ҳисобланади.
Аҳоли пунктлари ва шаҳарларда ҳавонинг ифлосланишига қарши курашиш мақсадида илгари сурилган “Марказий Осиё тоза ҳавоси” халқаро консорциумини ташкил этиш ва саноат зоналарини экологик модернизация қилиш бўйича пилот дастурларни бошлаш ташаббуси эса айнан инсон саломатлиги ва қулай яшаш муҳитини яратишга қаратилган халқчил қадамдир.
Хулоса қилиб айтганда, Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг Аваза саммити ва унда илгари сурилган стратегик ташаббуслар минтақамиз тарихида янги, янада яқин ва амалий ҳамкорлик саҳифасини очди. Хусусан, қардош Озарбайжоннинг ушбу форматга қўшилиши Каспий ва Марказий Осиё маконларини ягона геоиқтисодий ва сиёсий куч марказига айлантириш йўлидаги тарихий қадам бўлди.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА