Атроф-муҳит муҳофазаси соғлом ҳаётга хизмат қилади
Навоий вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси томонидан вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида пресс-тур ва матбуот анжумани ташкил этилди.
Дастлаб ОАВ вакиллари саноат корхоналарида атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар устидан назорат қилиш тизими билан яқиндан танишдилар. Иштирокчилар атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ташламаларни таҳлил қилувчи автоматик мониторинг станцияларининг ишлаш жараёни, уларнинг экологик назоратдаги аҳамияти ҳамда ҳаво сифатини кузатиш имкониятларини кўздан кечирди.
Бугунги кунда Навоий вилоятида атмосфера ҳавоси ҳолатини кузатиш мақсадида жами 104 та қурилма - 13 та автоматик мониторинг станцияси ва 91 та автоматик стационар кузатув пости ўрнатилган.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Гидрометеорология хизмати агентлиги ва “Замин” халқаро жамоат фонди томонидан Навоий шаҳрида ҳаво мониторинги автоматик станцияси ишга туширилган.
- Бу “Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши мониторингини автоматлаштириш” қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилган бўлиб, шаҳар атрофида атмосфера ҳавоси сифатини комплекс кузатишга хизмат қиладиган ҳаво мониторинги станцияларидан иборат “ҳалқа” ҳисобланади, - дейди бош бошқарманинг “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш ва атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишни таъминлаш шўъбаси бошлиғи Пўлат Асанов. - Маълумотлар куннинг аниқ вақтларида, мавсум ва метеорологик шароитга қараб ифлослантирувчи моддалар концентрациясининг умумий ҳолати ва тенденцияларини баҳолашга имкон беради. Шунингдек, “ҳалқа” бўйлаб мониторинг тизими шаҳарнинг қайси ҳудудлари зарарли моддалардан кўпроқ таъсирланиши мумкинлигини прогноз қилиш имконини яратади. Автоматик станциялардан олинган маълумотларни таҳлил қилиш шаҳарсозлик тадбирларини режалаштириш ва экологик вазиятни яхшилаш стратегиясини ишлаб чиқиш учун муҳим ҳисобланади.
Бугунги кунда шаҳар ҳудудида жойлашган “GIDRO STANKO SERVIS” МЧЖ металлни қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланади. Атроф-муҳитга таъсири бўйича 1-тоифага мансуб корхона ҳисобланади. Ҳозирда Вазирлар Маҳкамасининг 11 ноябрь 2024 йилдаги “Саноат корхоналарининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ўз ҳудудида автоматик фон мониторинг станция ўрнатган. Станция Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси геоахборотлар базасига интеграция қилинган.
Пресс-тур сўнггида ташкил этилган матбуот анжуманида бош бошқарма бошлиғи Шерали Ғофуров 2026 йилнинг 9 ойи давомида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ҳаво ва сув сифатини назорат қилиш, чиқиндиларни бошқариш ҳамда ҳудудларни кўкаламзорлаштириш йўналишларида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
- Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш мақсадида эса “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси доирасида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан ҳамкорликда икки босқичда экологик назорат тадбирлари ўтказилди, - деди Ш. Ғофуров. – Шунингдек, саноат корхоналарида ҳам ҳаво ифлосланишининг олдини олиш чоралари кўрилди. Жумладан, 6 та корхона томонидан 20 дона чанг-газ тозалаш ускунаси ўрнатилди, яна 3 дона ускуна модернизация қилинди. Вилоятда I ва II тоифадаги саноат корхоналари ҳамда уларнинг санитария-ҳимоя ҳудудларида атмосфера ҳавоси ҳолатини кузатиш учун 13 та автоматик мониторинг станцияси ва 91 та автоматик стационар кузатув пости ўрнатилган. Улар Экология қўмитасининг ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилинган.
Вилоятда оқова сувларни тозалаш ва сув ресурсларини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Атроф-муҳитга юқори ва ўрта таъсир кўрсатувчи 7 та саноат корхонасида маҳаллий тозалаш иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш дастури шакллантирилган. Вилоятда фаолият юритаётган 131 та автомобиль ювиш шохобчасида экологик талабларга риоя этилиши назоратга олинган. Бугунги кунда 91 та ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи, яъни контактсиз автомобиль ювиш шохобчаси жорий этилган.
Ҳозирда вилоятда чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослашган 9 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Уларнинг 6 таси полимер маҳсулотлари, 3 таси қоғоз ва картон чиқиндиларини қайта ишлайди.
Ҳисобот даврида ушбу корхоналар томонидан жами 2551 тонна чиқинди қайта ишланди. Чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб кетиш тизимини яхшилаш мақсадида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан 2910 та чиқинди қутиси ўрнатилди. Вилоятдаги 104 та чиқинди йиғиш майдончасидан 65 таси видеокузатув тизимлари билан жиҳозланди. Махсус чиқинди ташувчи техникалар ҳаракатини назорат қилиш учун 48 та камера харид қилинди.
Шунингдек, 21 та замонавий чиқинди йиғиш майдончаси қурилиб, санитар тозалаш корхоналари томонидан 10 та махсус техника харид қилинди. Аҳоли хонадонларидан маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқишни яхшилаш учун маҳаллий бюджетдан 300 миллион сўм ажратилиб, 6 та мотороллер сотиб олинди.
[gallery-32189]
Бугунги кунда Навоий вилоятида кўкаламзорлаштириш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш ишлари изчил давом этмоқда. 2026 йил баҳор мавсумида вилоят бўйича 5 миллион 171 минг туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экиш режалаштирилган эди. Амалда электрон платформага 5 миллион 436 минг туп кўчат ҳақидаги маълумотлар киритилди. Жорий йилнинг куз мавсумида эса 9 миллион 501 минг манзарали ва мевали дарахт ва бута кўчатлари экиш белгиланган.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари