Атомчилар шаҳарчаси қандай экологик тамойиллар асосида қурилади?
Иссиқ иқлим шароитида янги шаҳар қуришда фақат замонавий бинолар ва қулай инфратузилма яратишнинг ўзи кифоя қилмайди. Кўчалардаги ҳарорат, ҳаво алмашинуви, яшил ҳудудларнинг барқарорлиги ва сувдан фойдаланиш самарадорлиги ҳам шаҳар муҳитининг сифатига бевосита таъсир кўрсатади.
Айниқса, ёзда ҳаво ҳарорати юқори бўладиган Жиззах вилоятининг Фориш туманида бу масалалар шаҳарсозликнинг муҳим йўналишларидан бирига айланади.
Шу нуқтаи назардан, атомчилар шаҳарчасини экоурбанистика тамойиллари асосида барпо этиш концепцияси алоҳида аҳамиятга эга. Унда табиий иқлим имкониятларидан фойдаланиш, ресурслар сарфини камайтириш ва аҳоли учун қулай яшаш муҳитини шакллантиришга қаратилган ечимлар ўрин олган.
Лойиҳанинг ушбу жиҳатлари юзасидан “Ўзатом” тизимидаги “Атом электр станцияси қурилиши дирекцияси” давлат корхонасининг саноат хавфсизлиги, меҳнат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Александра Хидирназарова ЎзА мухбирига сўзлаб берди.
– Экоурбанистика шаҳар муҳитини фақат архитектура нуқтаи назаридан эмас, балки табиат, инсон ва инфратузилма ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ҳисобга олган ҳолда шакллантиришдир. Бунда энергия ва сув тежамкорлиги, яшил ҳудудлар, ижтимоий объектларнинг жойлашуви ҳамда аҳолининг кундалик ҳаракатланиши ягона тизим сифатида қаралади.

Форишнинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, шаҳарчада барқарор микроиқлим яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун биноларнинг архитектураси ва жойлашуви муҳим аҳамият касб этади. Масалан, уйлар ва бошқа иншоотларни шундай режалаштириш мумкинки, улар куннинг энг иссиқ соатларида кўчалар, йўлаклар ва жамоат майдонларига табиий соя туширади. Бундай ёндашув очиқ ҳудудларнинг қуёшда қизиб кетишини камайтиришга хизмат қилади.
Яна бир самарали ечим эса табиий шамол ҳаракатидан фойдаланиш ҳисобланади. Шаҳар кўчаларини ҳудуддаги устувор шамол йўналишларини ҳисобга олган ҳолда жойлаштириш асносида ҳаво алмашинувини яхшилаш мумкин. Бу эса бинолар орасида иссиқ ҳаво тўпланишини камайтириш ва шаҳарнинг умумий микроиқлимини яхшилашга ёрдам беради.
Кўкаламзорлаштиришда ҳам ҳудуднинг табиий хусусиятларини инобатга олиш зарур. Иссиқ иқлимда кўп сув талаб қиладиган ўсимликлардан кенг фойдаланиш самарали ечим бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун қурғоқчиликка чидамли, маҳаллий шароитга мослашган, чангни ушлаб қолиш ва соя ҳосил қилиш хусусиятига эга ўсимлик турларини танлаш муҳим. Бундай "ақлли" кўкаламзорлаштириш яшил ҳудудларни сақлаш билан бирга, сув ресурсларини ҳам тежаш имконини беради.
Сувдан оқилона фойдаланиш масаласи ҳам эътибор марказида. Хусусан, “яшил” майдонларни суғоришда томчилатиб суғориш тизимини қўллаш кўзда тутилмоқда. Ушбу технология сувни бевосита ўсимлик илдизига етказиш орқали унинг буғланишини ва ортиқча сарфланишини камайтиради. Шунингдек, тупроқ шўрланиши билан боғлиқ хавфларни чеклашга ёрдам беради.
Шаҳарни янгидан барпо этишнинг яна бир афзаллиги эса унинг инфратузилмасини замонавий талаблар асосида дастлабки босқичданоқ режалаштириш имкониятидир. Шу сабабли, атомчилар шаҳарчасида "15 дақиқалик шаҳар" концепциясини жорий этиш назарда тутилган. Бу тамойилга кўра, аҳоли таълим, тиббиёт, спорт, маданият ва бошқа кундалик хизматлардан фойдаланиш учун узоқ масофаларни босиб ўтишига ҳожат қолмайди.
Бунда пиёдалар ва велосипед йўлакларига ҳам устуворлик берилади. Уларни дарахтлар соясида ёки қуёш панеллари ўрнатилган перголалар остида ташкил этиш орқали ёзги иссиқ кунларда ҳам ҳаракатланиш учун қулай шароит яратиш мумкин.
Биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш ҳам экоурбанистик ёндашувнинг муҳим қисмидир. Замонавий иссиқлик изоляцияси, муқобил энергия манбалари ва "ақлли" ёритиш тизимларидан фойдаланиш орқали электр энергияси истеъмолини камайтириш ва ресурслардан янада самарали фойдаланиш имконияти яратилади.
Лойиҳа доирасида 200 гектар майдонда қарийб 33 минг нафар аҳолига мўлжалланган атомчилар шаҳарчаси қурилиши белгиланган. Бу ерда 10 мингга яқин хонадон билан бир қаторда мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, тиббиёт муассасалари, спорт ва маданият иншоотлари, дам олиш масканлари ҳамда яшил ҳудудлар барпо этилади.
Мазкур шаҳарча мамлакатдаги биринчи интеграциялашган атом электр станцияси яқинида жойлашади. АЭС қурилиши "Росатом" давлат корпорацияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг ўзига хос жиҳати шундаки, ягона майдонда катта қувватли “ВВЭР-1000” энергоблоклари ва “РИТМ-200Н” кичик модулли энергоблоклари бирлаштирилади.
Таъкидлаш жоизки, Форишдаги атомчилар шаҳарчаси лойиҳасида замонавий шаҳарсозликни экологик барқарорлик билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Табиий соядан фойдаланиш, ҳаво айланишини таъминлаш, сув ресурсларини тежаш ва энергия самарадорлигини оширишга қаратилган ечимлар ҳудуднинг иқлим хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қулай яшаш муҳитини шакллантиришга хизмат қилади. Бу эса янги шаҳарни барпо этишда экоурбанистика тамойилларининг амалий аҳамиятини намоён этади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.