"Атлас байрами" - миллий қадриятларимиз кўзгуси
Республика "Ҳунарманд" уюшмасида "Атлас байрами" VII Халқаро анъанавий тўқимачилик фестивалига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда фестивалнинг мақсад ва вазифалари, халқаро аҳамияти, дастури, асосий тадбирлари ҳамда анъанавий тўқимачилик соҳасидаги янги ҳамкорлик имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, ўзбек миллий матолари бўлмиш атлас ва адрас тўқиш санъатини асраб-авайлаш, унинг бой анъаналарини келгуси авлодларга етказиш ҳамда Марғилоннинг ипакчилик ва ҳунармандчилик салоҳиятини жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этиладиган мазкур фестиваль 12–19-сентябрь кунлари Марғилон шаҳрида бўлиб ўтади. Фестиваль доирасида 12–16 сентябрь кунлари ҳунармандчилик, дизайн ва тадбиркорлик соҳаларида махсус тренинглар ташкил этилади.

17 сентябрь куни фестивалнинг расмий очилиш маросими, халқаро илмий-амалий конференция, маҳорат дарслари, ҳунармандчилик ярмаркаси ва мода намойишлари ўтказилади. 18 сентябрь куни ипак ишлаб чиқариш ва тўқимачилик соҳаларида Б2Б ва Г2Б халқаро учрашувлар, шунингдек, халқаро мода кўргазмаси ташкил этилади.
19 сентябрь куни «Тўқимачилик санъати: анъаналар мулоқоти» халқаро кўргазмаси ҳамда «Ўзбекистон ҳунармандчилиги: барҳаёт анъаналар» фотокўргазмаси очилади. Фестиваль гала концерт ва ғолибларни тақдирлаш маросими билан якунланади.

«Атлас байрами» — анъанавий тўқимачилик меросини асраш, миллий ҳунармандчилик анъаналарини келажак авлодларга етказиш, ҳунармандлар, дизайнерлар ва ижодий саноат вакиллари ўртасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган муҳим халқаро майдон бўлади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА