Асрга тенгдош нашр
Бугун 9 сентябрь – Халқ депутатлари Бухоро вилоят кенгаши муассислигида чоп этилаётган “Бухоронома” ва “Бухарский вестник” газеталари ташкил этилганига юз тўлди
Бугун 9 сентябрь – Халқ депутатлари Бухоро вилоят кенгаши муассислигида чоп этилаётган “Бухоронома” ва “Бухарский вестник” газеталари ташкил этилганига юз тўлди.
Ушбу нашр манбаларда келтирилишича, 1920 йил 9 сентябрь санасида Бухоро амирлиги тахтдан ағдарилганидан сўнг унинг ўрнида тузилган Бухоро Халқ Совет Республикаси (БХСР 1920-1924 йиллар) ҳукуматининг ташаббуси билан хусусан, Файзулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат, Саид Аҳрорий, Чўлпон сингари маърифатпарварлар ташаббуси билан ташкил этилган. Газета бир асрлик тарихи давомида турлича, хусусан, “Бухоро ахбори”, “Озод Бухоро”, “Бухоро пролетари”, “Бухоро ҳақиқати” каби номларда чоп қилинган. Бугун “Бухоронома” газетаси асрий одимни босиб ўтди.
Бу газета менинг журналистик фаолиятимда муҳим ўрин тутади. 2016-2017 йиллар давомида мазкур нашр бош муҳаррири сифатида фаолияти юритганимда газетада ишлаш машаққатини англаб етганман. Шу билан бир қаторда бу даргоҳ мен учун ҳақиқий ижод мактабига айланган.
Фаолиятим давомида буюк аждодларимиз бизга қолдириб кетган мерос – матбаа ишини давом эттириш, уларга муносиб издош бўлиш, вилоят матбуотини янада ривожлантиришга маҳкам бел боғладим. Бу давр давомида газетада бегиланган қобиқдан чиқиб, танқидий-таҳлилий, мунозарали мақолаларни эълон қилишга кенг ўрин берилди. Халқнинг фикри, муаммога мутасадди раҳбарнинг муносабати тўғридан-тўғри оммага кўрсатиб берилди. Шу йиллар мобайнида газета тиражида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилиб, вилоятда 15000 нусхада чоп этилди.
Халқимиз ҳаётига, унинг қувонч ва ташвишларига тобора яқин бўлиб, вилоятнинг янги қиёфасини шакллантиришда муҳим воситага айланди. Фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, вилоятда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ва ҳаққоний маълумотлар етказиш борасида ва жараёнларга фуқаролар кўнглида дахлдорлик, келажак учун масъулият ҳиссини тарбиялашда “Бухоронома” ва “Бухарский вестник” газеталари ходимларининг фидокорона меҳнат қилаётганини бухоро зиёлилари яхши билади ва юксак қадрлайди.
“Бухоронома” ва “Бухарский вестник” газеталари ижодий жамоасини бугунги қутлуғ сана – нашр ташкил топганининг 100 йиллиги билан муборакбод этамиз.