“Аср фалокати”га бир йил бўлди (+видео)
Туркиядаги зилзила 50 мингдан зиёд инсонни ҳаётдан олиб кетди. Айни пайтда вайронага айланган шаҳарлар қайта барпо этилмоқда.
Туркия, айниқса Истанбул сейсмик ҳодисаларга бардош бериш нуқтаи назаридан дунёдаги энг заиф шаҳарлардан бири дейилади. Шу мавзуга оид маълумот қидириш асносида 15 йилча олдин – 2009 йил ёзилган бир илмий мақола эътиборимизни тортди.
“Истанбулнинг икки туманида сейсмик хавф ва таъсирни юмшатиш бўйича тадқиқот” номли мақолада сейсмологлар шундай фикр билдирган: Кейинги 30 йил ичида Туркияда кучли зилзила эҳтимоли, тахминан, 40 фоизни ташкил қилган. Афсуски, мамлакат ҳудудининг 96 фоизи зилзила хавфи остида, аҳолининг 98 фоизи эса зилзилага мойил ҳудудда истиқомат қилади.

Орадан 15 йил ўтгач, Туркия сейсмология маркази маълумот берди: 2023 йил 6 февраль, душанба. Қишнинг совуқ кунида кўплаб қардошларимиз оромини бузган мудҳиш воқеа рўй берди. Мамлакатда 7,7 ва 7,6 магнитудали кучли ер силкиниши қайд этилди.
Бутун дунё эълон қилинган дастлабки маълумотнинг ўзидаёқ вазият анча жиддий эканини англади. Мамлакат Фавқулодда вазиятлар давлат департаменти зилзила Қаҳрамонмараш вилоятида маҳаллий вақт билан соат 04.17да 7 километр чуқурликда содир бўлганини маълум қилди. Шундан сўнг ер силкиниши ярим соат давомида турли ҳудудларда – 11 вилоятда кузатилди.
Қаҳрамонмараш, Малатья, Шонлиурфа ва Газиантеп вилоятларида вайронагарчилик кўп бўлди. Кўп қаватли уйлар қулади. Афсуски, минглаб инсонлар ҳалок бўлди, миллионлаб одамлар қаҳратон қишда уйидан айрилди. 11 шаҳар-вилоятни умуман яшаб бўлмайдиган ҳолатга келтирди. Инфратузилма – йўл, фабрика, мактаб, шифохона, бозор ва иш идоралари вайрон бўлди.

Спорт мусбоқалари қолдирилгани, ўқувчилар таълим олишдан тўхтаганини гапириб ўтиришнинг ҳам ҳожати йўқ. 124 туман, 7 мингга яқин қишлоқ ва маҳалла вайронага айланди, 14 миллион фуқаро табиий офатдан бевосита жабр кўрди. Куни кеча Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар ЎзАга берган интервьюсида ўша кунларни чуқур қайғу билан эсга олди.
– Туркияда, дарҳақиқат, кетма-кет икки марта кучли зилзила рўй берди. Бу табиий офат 50 мингдан зиёд фуқароларимизни ҳаётдан олиб кетди. 110 минг инсон жароҳатланди. Бир кунинг ўзида рўй берган, ўта вайронкор хусусиятга эга мазкур воқеага “Аср фалокати” деб ном бердик, – дейди элчи.
Олиб борилган тадқиқот натижасида табиий офат Туркияга 149 миллиард доллар зарар келтиргани аниқланди. Ҳа, бу жиддий рақам, ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизидан кўпроқ миқдор.

Жаноб Олган Бекар қулаган турар жой сони 580 минг, турли бинолар сони 170 минг, жами 850 минг мустақил иншоот вайрон бўлганига эътибор қаратишни сўради. Бу қатор Европа мамлакатлари турар-жой ва тижорат бинолари умумий сонидан ҳам кўп.
Кузатаётган бўлсангиз, Туркияда сўнгги йилларда содир бўлган кучли зилзилалар ҳалокатли оқибатларга олиб келмоқда, минглаб қурбонлар, катта иқтисодий йўқотишни юзага келтирмоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири – қурилишдаги нотўғри амалиёт!, дея талқин қилиняпти. Изланишлар кўрсатдики, шаҳарлардаги аксарият бинолар 4-6 қават, ўзаги темир-бетон рамка. Тартибсиз конструктив тизим, сифатсиз қурилиш материаллари ишлатилиши энг кўп тарқалган камчилик сифатида кўрсатилади.
Ёмон воқеани эслаш-ку яхши эмас, аммо зилзила нималигини тошкентликлар яхши билади. 1966 йил апрель ойида Тошкентда юз берган ер силкиниши асоратини тугатиш, аввалгига қараганда мустаҳкам, чидамли, чиройли уйлар барпо этиш учун сабр-тоқат, меҳнатнинг ўзи етарли эмас. Оғир кунда дўстинг бўлгани яхши.
Туркия Республикасининг бир неча ҳудудида содир бўлган кучли зилзила туфайли миллионлаб инсонлар ҳаловати йўқолганига жаҳон аҳли шунчаки қараб туролмади. Дунёнинг турли давлатларидан инсонпарварлик ёрдами, тезкор қутқарув таркиби сафарбар этилди. Қардош турк халқи бошига тушган фалокат Ўзбекистон ҳукуматини ҳам бефарқ қолдирмади.
Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан Туркияга инсонпарварлик ёрдами ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қидирув-қутқарув бўлинмалари жўнатилди, 18 кун давомида зилзила ўчоғи – Хатай вилоятида қидирув-қутқарув ишлари олиб борилди. Қутқарувчиларимиз учун илгари бундай ходиса реал ҳаётда, амалиётда кузатилмаган бўлса-да, улар малакасини кўрсатган ҳолда вайроналар остидаги 18 нафар инсоннинг ҳаётини сақлаб қолди. Афсуски, 200 га яқин кишининг жасади олиб чиқилди.

– 7 февраль куни тонг пайти ФВВнинг юз нафар қутқарувчиси 3 та махсус техника ва 4 бош кинология хизмати итлари билан етиб борди. Хатай вилояти Овакент шаҳарчаси AFAD маъмурий биноси жойлашган ҳудуддаги очиқ майдонда 6 та чодир ўрнатилди, – дейди Махсус вазифалар бўйича республика қутқарув маркази бошлиғи Исмоил Шарипов. – Юртдошларимиз инсонпарварлик тадбирида уюшқоқлик, юқори малака билан тезкор ҳаракат қилишда 75 дан зиёд етакчи давлатлар вакиллари орасида Ватанимиз байроғи остида ҳалокатли офат қаршисида мардонавор туриб, халқаро миқёсда Ўзбекистоннинг обрўсини кўтаришга эришди.
Бир воқеа ҳеч эсимиздан чиқмайди. Ўзбекистонлик қутқарувчилар зилзиладан 102 соат ўтиб, 32 ёшли Туркия фуқароси Наим Баяслини тирик ҳолда вайрона остидан қутқариб олгани кенг жамоатчилик эътиборини тортган эди. Суҳбат жараёнида ФВВ Сувда қутқарув отряди гуруҳ командири Давлат Очилов Наимнинг аҳволи билан қизиқаётгани, имкон бўлса, телефон орқали суҳбатлашиш истаги борлигни айтди.

Янги йилни ғамгин бошлаган Туркия жаҳон ҳамжамиятини, турли халқаро ташкилотларни бирлашувга чақирди. Дунё аҳли XXI асрда кузатилган энг даҳшатли воқеага гувоҳ эди, гуё... Минтақаларда хавотир сусаймади, яна зилзила кузатилади, деган саросима кучайди. Зеро, шу кунлари Нью-Йорк шимоли-ғарбида сўнгги 40 йилдаги энг кучли зилзила қайд этилди. Ироқ, Сурия ва Ливаннинг айрим ҳудудларида ер қимирлаб турди.
Антониу Гутерриш “Аср фалокати”ни “замонамизнинг энг йирик табиий офатларидан бири” деб изоҳлади. БМТ Бош котиби халқаро ҳамжамиятни Туркия томонидан миллионлаб қочқинларга берилган ёрдам, “қўллаб-қувватлов ва саховат учун” энди Туркия ва Сурия халқи билан бирдам бўлишнинг айни вақти эканини таъкидлади. Давлат раҳбарлари Режеп Таййип Эрдоғанга далда бериб турди.
Жумладан, Шавкат Мирзиёев Туркия Президентига кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва катта талафот кўрилгани муносабати билан ҳамдардлик изҳор этди. Ўзбекистон Президенти, шунингдек, Туркиянинг Тошкентдаги элчихонасига бориб, қардошларимизни яна бир бор қўллаб-қувватлади. Ахир, дўст оғир кунда билинади, бошингга кулфат келганда, сен билан ёнингда бўлади, дегани бор гап. Бир сўз билан айтганда, кенг қамровли табиий офат, ҳалокатли ҳодисалар биз учун синов. Бундай синовлардан жипслашиб, бирдамлик ва ҳамжиҳатликда ўтиш мумкин.

– Ота юртимиз аталмиш замин – Ўзбекистон зилзила хабарини олибоқ, дарҳол ҳаракатга тушди, – дейди элчи. – 6 февралдаёқ Президент Шавкат Мирзиёев қардоши Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали гаплашди. Ўзбекистондан тиббиёт жамоалари, қидирув-қутқарув гуруҳлари йўлга чиқди. Элчихона Тошкентда ёрдам акциясига бош бўлди. Турли вазирликлар иштирокида бутун Ўзбекистон бўйлаб кўмак йиғиш акцияси йўлга қўйилди.
Туркиялик дипломат йирик тадбиркорлар ҳам моддий ёрдам юбориб турганидан мамнунлигини маълум қилди. “Бу саъй-ҳаракатларнинг барчасидан элчихона хабардор. Шу билан бирга, Тошкентдан етиб бориб уйсиз қолганларни иссиқ овқат билан таъминлаганлар ҳам бўлди. Ўша пайт бунга эҳтиёж бор эди”, дея вазиятни шаҳрлайди О.Бекар.
Дарҳақиқат, ўзбек ва турк халқлари яхши-ёмон кунда ҳамиша бирга бўлган, бир бирини қўллаган. Дўстлик, қардошлик ва ўзаро елкадошлик, айниқса, оғир кунда билинди.
– Орадан бир йил ўтди. Тўғри, ўшанда тезкор чоралар кўришга ҳаракат қилинди, кўплаб қардошларимиз кўчирилди. Ҳозир уларнинг аҳволи қандай?
“Контейнер-кент”лар барпо этилган эди. 1,9 миллион инсон яқин кунларгача контейнерларда яшади ва ҳалигача яшаётганлар бор. Ҳозир 345 та шундай шаҳарчада ташкил этилган 186 минг контейнерда 580 минг фуқаро кун кечиряпти. Турар-жой барпо этиш жадал давом этмоқда. 307 минг уй тикланиши тезлаштирилган. 210 минг бино эса фуқаролар сўровига биноан ўз ўрнида, албатта, маҳаллий идоралар назорати остида қайта қурилмоқда.

Мамлакатда бир йил ичида кўп иш амалга оширилди. Эрдоған раҳбарлигидаги Туркия жумҳурияти энг кўп талофат кўрган вилоятларда янги уй-жой, спорт мажмуалари қурди. Масалан, биргина Хатай вилоятини олайлик. Ҳудуд зилзила қурбонлари ва вайрон бўлган бинолар бўйича энг кўп зарар кўрди. Шу боис барпо этилган уй-жой учун қуръа ташлаш ва ғолибларга калитларни топшириш маросими айнан Хатайдан бошланди.
Куни кеча “Аср фалокатидан асрлар бирлигигача” шиори остида зилзилада уй-жойидан айрилган энг муҳтож фуқароларга Режеп Таййип Эрдоғаннинг ўзи хонадон калитларини топширди. Оилалар ҳудудда қурила бошланган 46 минг уйдан биринчи босқичда 7275 хонадонга кўчиб ўтишни бошлади. Йил охиригача хатайликларга 200 мингта уй топширилади.
– Ҳозир Ўзбекистон ҳукумати Хатайда 4 қаватли 306 та турар-жой биноси қуряпти, – дейди Фавқулодда ва мухтор элчи. – Қурилиш якунлангач, фуқароларимиз бежирим уйларга кўчиб ўтади. Хонадонлар эҳтиёжмандларга беғараз берилади. Маросимни ўзбекистонлик журналистлар иштирокида ўтказиш режалаштирилган.
Аслида зилзила табиатда содир бўладиган энг хавфли ҳодисалардан бири. ЮНЕСКО маълумотига кўра, зилзила юзага келадиган иқтисодий зарар ва инсонлар ҳалокати бўйича табиий офатлар ичида биринчи ўринни эгаллайди.
Илмий маълумот, мақолаларга асосланадиган бўлсак, сейсмик фаоллик кузатиладиган жойларда зилзила маълум қонуниятга асослангани, ўз даврийлигига эга эканига амин бўламиз. Ҳалокатли зилзилалар воҳада ҳар 100 йилда бир марта кузатилиши олимлар томонидан аниқланган. Тошкент зилзиласининг даҳшати ҳали кўпчиликнинг ёдидан кўтарилгани йўқ. Бир асрда бир марта юз бериши исботланган энг хавфли табиий офат ўтгани рост бўлсин.
Хулоса қилиб айтганда, мудҳиш воқеа бутун миллатни бирлаштирди. Нафақат Туркия халқи, балки Туркий халқларни жипслаштирган зилзила талофат кўрган халқ давлатига, давлат эса халқига суяниб, оғир иқтисодий-ижтимоий шароитдан чиқиб кетишни ўргатди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/dlpgsLzpjXA" title="“Asr falokati”ga bir yil boʻldi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Бутун дунё ҳамжамияти ўз халқига қандай қилиб инсонпарварлик ёрдамини бериш, фавқулодда вазиятда халқ билан бирга бўлиш, халқнинг кейинги ҳаётини, келажагини тиклаш учун тезкор чора кўришни Туркиядан ўрганди, десак муболаға бўлмайди.
Бу кулфат ҳар қандай давлат, халқ, миллатнинг бошига тушиши мумкин. Туркиядаги воқеалар ҳамиша бир тан-у, бир жон бўлиб, елкама-елка ҳаракат қилиш энг оқилона йўл эканлигини яна бир бор тасдиқлади.
Қардош Туркия бошига тушган синов ҳеч биримизни бефарқ қолдирмади. Ўзбекистон ва Туркия дўстлиги абадий. Нима бўлганда ҳам, ўт балосидан, сув балосидан яратганнинг ўзи асрасин.
Кўп йиллик тарихга эга қардош Ўзбекистон ва Туркия дўстлиги маданият, урф-одат ва анъаналардаги яқинлик, муштаракликка асосланган. Динимиз бир, тилимиз ўхшаш, бир отанинг фарзандларидекмиз.
ЎзА мухбири Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ тайёрлади.
Ёқубжон Мелибоев ва Аслиддин Алижонов (видео), ЎзА