Асоссиз ҳисобланган 1,3 миллиард сўмлик солиқ қарздорлиги бекор қилинди
Муборак туманида фуқаро К. Саидов фойдаланмаётган ва аллақачон туман ҳокимлиги захира фондига ўтказилган ер майдони учун унга 1 миллиард 334 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ҳисобланган.
Мазкур ҳолатдан норози бўлган фуқаро ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тиклаш мақсадида Қашқадарё вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилган.
Мурожаат адлия органлари томонидан ўрганилиб, аниқланган ҳолатлар асосида солиқ органига тегишли тақдимнома киритилди.
Натижада фуқаро зиммасига асоссиз юкланган 1 миллиард 334 миллион 633 минг 333 сўм миқдоридаги солиқ қарздорлиги бекор қилинди.
Ушбу ҳолат фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда мурожаатлар муҳим аҳамият касб этишини кўрсатади. Қонунчиликда назарда тутилган ҳуқуқий механизмлардан фойдаланиш орқали асоссиз ҳисобланган мажбуриятларни қайта кўриб чиқиш ва бузилган ҳуқуқларни тиклаш имкони мавжуд.
Ўлмас Баротов,
ЎзА мухбири