Асосий мақсад – инсон қадрини улуғлаш
Бухорода Мажбурий ижро Бюроси органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадида матбуот анжумани ўтказилди. Унда республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, мустақил журналистлар қатнашди.
Сўнгги йилларда республикамизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар давомида, суд-ҳуқуқ тизими ҳам қайта кўриб чиқилмоқда. Хусусан, Бюро фаолиятини янада такомиллаштириш, иш самарадорлигини ошириш ҳамда холислик ва қонунийликни таъминлаш мақсадида давлат раҳбари томонидан 2020 йил 24 ноябрдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан ўтган 2024 йилда муайян ишлар амалга оширилди. Асосий эътибор, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, ижро ҳужжатлари ҳамда ундирилган маблағларнинг ҳисобини юритиш, ижро иши юритишда сансалорлик ҳолатларини олдини олиш, меҳнат ва ижро интизомини мустаҳкамлашга қаратилди.
Хусусан, 7,0 триллион сўмлик 471 785 та ҳужжатлар иш юритувга қабул қилинди. Шундан 4,5 триллион сўмлиги тамомланиб, амалда 2,3 триллион сўм ундирилди. Аҳолининг ночор, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармаларига 56,2 миллиард сўм ўтказилди.
Шунингдек, маҳалла фаоллари, оммавий ахборот воситалари орқали қилинган тарғибот ва тушунтиришлар натижасида 3 860 та ижро ҳужжатлар бўйича оилалар яраштирилди. Президентимиз Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан, ота-онаси ажрашган болаларнинг нормал турмуш кечиришлари учун тўланмаган алимент қарздорликлари Бюронинг алимент тўловлари жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилмоқда.
Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар томонидан берилган саволларга соҳа ходимлари томонидан аниқ жавоблар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири