Аскарларга ҳайдовчилик гувоҳномалари топширилди
Айни кунларда ўз ҳарбий бурчини ўташ давомида «Ватанпарвар» ташкилотининг ҳайдовчилик ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган аскарларга ҳайдовчилик гувоҳномалари топширилмоқда.
Жумладан, бугун Марказий ҳарбий округнинг Навоий гарнизонига қарашли ҳарбий қисмда йигитлик бурчини ўтаётган 62 нафар ёшга ҳайдовчилик гувоҳномаларини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққанлар ҳарбий хизматни якунлаш арафасида турган ёшларнинг келгусидаги ишларига муваффақият тилади.
Худди шундай тадбир Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округнинг Бухоро гарнизонига қарашли ҳарбий қисмда ҳам бўлиб ўтди.

70 нафар ёш муддатли ҳарбий хизматни ўташ билан бирга «Б-C»тоифаси бўйича ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти 2021 йилда Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаган. Ушбу ҳужжатларга мувофиқ, Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёшлар «Ватанпарвар» ташкилотининг ўқув курсларида ҳайдовчилик ва яна беш хил техник касбга ихтиёрий равишда ўқитиб келинмоқда.
ЎзА