Аскарлар касб-ҳунар эгалламоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Битта аскар – битта касб” тамойили бугунги кунда ҳарбий қисмларда самарали татбиқ этилиб, ёшларнинг хизмат давомида бир вақтнинг ўзида касб-ҳунар эгаллаши учун барча шароитлар яратилмоқда.
Ана шу эзгу ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Хайраобод, Какайди ҳамда Термиз гарнизонларида жойлашган ҳарбий қисмларда олий таълим муассасалари, коллеж ва техникумлар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Мазкур ҳамкорлик доирасида муддатли ҳарбий хизматчилар учун махсус ўқув курслари ташкил этилди.
Бугунги кунда ҳарбий хизматчилар ҳарбий қисм ҳудудларида ҳамда яқин атрофдаги олийгоҳ, коллеж ва техникумларда турли касбларга ўқитилмоқда. Шунингдек, улар учун олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларига тайёрлов бўйича бепул дарс машғулотлари ҳам йўлга қўйилган. Бу эса аскарларнинг хизматдан сўнг муносиб касб эгаси бўлиб жамиятда ўз ўрнини топишига мустаҳкам замин яратмоқда.
[gallery-29560]
Мазкур жараёнларда ахборот технологиялари, техник мутахассисликлар, тил ўрганиш, тадбиркорлик ва бошқа замонавий йўналишлар бўйича амалий билимлар берилаётгани ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини янада оширишга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, ҳарбий хизматчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва келажакка ишонч билан қараш ҳиссини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу каби имкониятлар ёшларнинг нафақат ҳарбий соҳада, балки фуқаролик ҳаётида ҳам муносиб ўрин эгаллаши, иш билан таъминланиши ва юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшишига хизмат қилади. Зеро, билимли, касбли ва ватанпарвар ёшлар – Янги Ўзбекистон келажагининг мустаҳкам пойдеворидир.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА