Қашқадарёда 4 марта пилла етиштирилади
Қашқадарё вилояти пиллакорлари жорий йилда 36 минг 364 қути ипак қурти уруғларини парваришлаб, 20 минг тонна “кумуш тола” етиштиришни мақсад қилган.
Қашқадарё вилояти пиллакорлари жорий йилда 36 минг 364 қути ипак қурти уруғларини парваришлаб, 20 минг тонна “кумуш тола” етиштиришни мақсад қилган. Миришкор туманидаги Тошкент массиви касаначи ва фермерлари бу ишга биринчилардан бўлиб киришди.
Бу йил Миришкорда бир минг тўқсон қути ипак қурти уруғлари боқилиб, ундан 60 тоннадан ортиқ пилла олиш режалаштирилган. Бунинг учун мавсум олдидан мавжуд 396 гектар тут плантацияларини бутлаш ишлари амалга оширилди. 32 гектардан ортиқ майдонда янги плантация ташкил қилинди. Фермер хўжаликлари ва касаначилар билан белгиланган тартибда меҳнат шартномалари имзоланди.
Шу ўринда айтиш керакки, мазкур шартномалар, айниқса, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар бандлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Чунки уларнинг бир ойлик фаолияти учун бир йиллик меҳнат стажи ёзилади. Қолаверса, бундай касаначиларга бир гектаргача тут плантацияси оилавий пудрат асосида берилади. Тут ораларига экилган полиз ва сабзавот маҳсулотларидан олинадиган фойда ҳам уларнинг ўзларида қолади.
Тошкент массивида 132 нафар фермер ва 22 нафар касаначига ипак қурти уруғлари пешма-пеш тарқатилиб, пиллакорлар парваришга киришди.
– Жорий йилда туманимизда 6 минг 870 килограмм пилла хомашёсини етиштиришни мўлжаллаганмиз, – дейди агроном Галовиддин Муҳиддинов. – Бунинг учун барча пилла боқувчилар билан шартномаларни имзолаганмиз ва етарлича шарт-шароит яратилмоқда. Тут плантациялари самарадорлигининг оширилаётгани бу мақсадимизни амалга ошириш учун имкон яратмоқда.
Маълумот ўрнида айтганда, ўтган йилларда вилоятда ипак қурти бир йилда 3 мавсум давомида парваришланаётганди. Жорий йилда пиллакорлар 4 мавсум пилла етиштиришни режалаштирган. Шу мақсадда 9 минг 712 та фермер хўжалиги ҳамда 20 минг 976 нафар касаначи билан контрактация шартномалари тузилди. 224 гектар майдондаги янги тут плантацияларига 2 миллион 970 минг дона тут кўчатлари ўтқазилди. Шунингдек, мавжуд тут плантацияларининг 1 минг 584 гектари реконструкция қилинди.