Асаларичиликдаги муаммолар қачон ҳал қилинади? (+видео)
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг Хумсон қишлоғи Угом тизмаси ғарбий чеккасининг жанубий-шарқий ёнбағирларида жойлашган бўлиб, Угам дарёси бу ернинг ноёб табиатига, ўзига хос такрорланмас ландшафтларига рангли чизгиларини берган ва чор-атрофга беқиёс гўзаллик улашган.
Тоғ ҳудудида ёз бироз кечроқ келади ва айни кунларда баланд қоялар атрофлари янада жонланиб, уларнинг бағрида худди баҳордагидек ўсимликлар қийғос гул очган.
20 йилдан буён асаларичилик билан шуғулланиб келаётган Ҳабибулла Убаев бир неча кун аввал 200 қутида асалари инлари олиб, тоғ ён бағридан макон қилди. Зеро, бу масканда май асалининг мавсуми энди келди. Хориждан олиб келинган она ариларини эҳтиёткорлик билан янги жойларга мослаштирди, сўнг уларни кўпайтиради. Шундай қилиб янги кучли авлод тоғ ўсимликларидан озиқланиб, она табиат берган инъомларни йиғишни бошлайди.
- Ҳабибулла ака, айнан нима учун асаларига бу ерни танлагансиз?
- Бу ерда ёз чилласи кирганидан кейин тоғ гиёҳлари кўпаяди ва асалари учун бу муҳим озуқа ҳисобланади. Асосан кийик ўти ва тоғ райҳонидан олинадиган асал учун бу ерларга чиқамиз. Ушбу асал шифобахш ҳисобланади, мазаси ўткир, кристали майин бўлади. Шаҳар аҳолиси айнан тоғ асалига ўрганган.Она ариларимизни ҳар 6 ойда Германиядан олиб келамиз ва алмаштирамиз. “Элгон-монтикола” турига мансуб асалариларни кўпайтирамиз. Улар бизни арилардан кўра сал йирикроқ бўлади.
- Бир асалари инидан бир мавсумда қанча асал маҳсулотини олиш мумкин?
- Бизни жойимиз стационар нуқта ҳисобланади. Ўрта ҳисобда бир қутидан 10 килограмм асал оламиз. Агар кўчиб юриладиган бўлса 25-30 килограмм, ҳаттоки 35-40 килограммгача асал олишимиз мумкин.
- Бугунги кунда бу соҳа вакиллари қандай муаммоларга дуч келмоқда?
- Асосий муаммоларимиз пестицидлар сепиладиган дала майдонлари. Ҳашаротларимиз тез заҳарланади. Чунки, улардаги рецепторлар жуда яхши ривожланган. Айниқса пахта гуллаганда сепиладиган кимёвий воситалар уларнинг қирилиб кетишига сабаб бўлади.
Эко лабораториялар ташкил қилинса, фильтрлардан ўтказиб, четга экспортни оширсак асаларичилик ривожланиб кетади. Барча хорижий давлатларда бу соҳага оид қонун бор. Бизда эса энди тайёрланаяпти. Агар ушбу қонун ишлаб кетса асаларичилик кенг ривожланиб кетади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/VhqTSXzxpX8" title="Asalarichilikdagi muammolar qachon hal qilinadi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА