Асакада тут плантацияси барпо этилмоқда
Кейинги йилларда мамлакатимизда қисқа муддатда даромад олиш имконини берувчи пиллачилик тармоғини ривожлантириш, хусусан, тут плантациялари ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Пиллачиликда озуқа база мустаҳкам бўлсагина, пилладан юқори ҳосил олинади, кўзланган натижага эришилади. Шу маънода Андижон вилоятида ҳам тутзорлар ташкил этиш бўйича белгиланган ишлар қизғин олиб борилмоқда.

Пиллачилик озуқа базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида Асака тумани Меҳнатобод маҳалласига қарашли адирлик ҳудудидаги “Асака ипак импекс” пиллачилик кластери томонидан 30 гектар майдонда “Андижон технологияси” асосида тут плантацияси ташкил этилаётганлиги ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан биридир.

– Тут кўчатлар синов тариқасида янги – “Андижон технологияси” усулида экилмоқда, – дейди “Асака ипак импекс” пиллачилик кластери раҳбари Машрабжон Исоқов. – Яъни кўчатлар экилиб, усти кесиб юборилади, сўнг плёнка остига олинади. Бу усулда белгиланган майдонга оддий усулга нисбатан кўпроқ кўчат экилади, қолаверса, кўчат тез етилади ва юқори ҳосил беради.

Адирлик ҳудудидаги ушбу тут плантацияси томчилаб суғориш технологияси асосида суғорилади.
Айни кунларда Асака туманидаги мавжуд 305 гектар тут плантацияларида мавсумга боғлиқ парваришлаш ишлари ва агротехник тадбирлар қизғин олиб борилмоқда.


Албатта, тутзорларни кенгайтириш, ипак қурти боқиш ва пилла етиштириш, қайта ишлаш корхоналарини хом ашё билан таъминлаш имкониятларини янада кенгайтиради.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари