Архивчи қизлар ўзаро баҳслашди
“Ўзархив” агентлигида 8 март –Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан “Балли, қизлар” беллашуви бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда “Ўзархив” агентлиги тизимидаги вилоятлар ва Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармалари ходималари иштирок этди.
Бу ҳақда “Ўзархив” агентлиги ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев маълумот берди.

Кўрик-танловда 16 нафар иштирокчи 5 та шарт бўйича баҳслашди. Жумладан, 1-шарт бўйича иштирокчилар томонидан архив соҳасини ривожлантириш бўйича инноваицон ғоя ёки архив соҳасини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти ўтказилди.
2-шартда қизлар ўз маҳоратларидан келиб чиқиб, гулдаста ва мева сабзавотлардан карвин ясашди, расм чизиб, ширинлик ва турли салатларни тайёрлашди. 3-шартда архив иши, АКТ, коррупция бўйича саволларга жавоб беришди. 4-шартда эса Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари” ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари асосида хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантиришга, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига олиб келадиган сабаблар ҳамда уларни бартараф этиш чораларини акс эттирувчи саҳна кўринишларини намойиш этдилар.
Биринчи ўринни Ўзбекистон Миллий архиви, 2- ўринни Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви, 3- ўринни Самарқанд вилояти давлат архиви ходималари қўлга киритди. Қолган барча иштирокчилар номинациялар бўйича баҳоланди.
Ғолиблар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА