Арнасой тумани қиёфаси тубдан ўзгармоқда
Жиззах вилояти Арнасой туманида 7 минимаркет ва 7 минибанк иш бошлади.
Жиззах вилояти Арнасой туманида 7 минимаркет ва 7 минибанк иш бошлади.Мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш, халқимизга муносиб турмуш шароити яратиш мақсадида улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, Жиззах вилоятининг Арнасой туманида 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириғи билан ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштиришга кўмаклашувчи ҳукумат ишчи гуруҳи иш бошлаши натижасида ҳудуд қиёфаси тубдан ўзгармоқда.
Биринчи навбатда аҳолининг кундалик эҳтиёжини таъминлаш, замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш иншоотлари барпо этиш, мавжудларини қайта қуришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда ўтган қисқа муддатда тумандаги барча маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудида биттадан, жами 7 минимаркет қурилиб, аҳолига савдо хизмати кўрсатиш яхшиланди. “Агробанк”, Халқ банки филиаллари бинолари капитал таъмирланиб, 7 минибанк ишга туширилди. Банк, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари банкомат, терминаллар билан тўлиқ таъминланиб, нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш йўлга қўйилгани аҳоли учун катта қулайлик бўлди.
Айни пайтда туман марказидаги 127 савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси, 40 га яқин йўналишсиз таксилар терминаллар билан таъминланиб, тўловлар банк пластик карточкалари орқали амалга оширилмоқда. Коммунал ва бошқа тўловлар учун аҳоли гавжум жойларга 13 инфокиоск ўрнатилди.
Бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари жараёнида аҳолининг маданий дам олиши учун янада қулайлик яратишга ҳам алоҳида этибор қаратилмоқда. Туман марказида дам олиш хиёбони барпо этилиб, турли аттракционлар ўрнатилди. Соғломлаштириш маркази, замонавий меҳмонхона барпо этилди. Йўллар таъмирланди.
Айни пайтда саноат, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун кўплаб янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Пахта ва ғаллачиликдан ташқари мева-сабзавот етиштиришни кўпайтириш, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик каби тармоқларни йўлга қўйиш, қайта ишлаш корхоналарини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.