“Армон” ҳужжатли фильми тақдимоти
Бухорода жадидлар ҳақидаги “Армон” ҳужжатли фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди. Режиссёр Руслан Солиевнинг жадидчилик тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи “Армон” фильми юзлаб ижодкорлар иштирокида икки йил давомида тайёрланди. Фильмни суратга олиш ишлари Ўзбекистон, Россия ва Туркияда олиб борилган. Унда қўшни мамлакат санъаткорлари ҳам суратга тушган.
Фильмда жадидчиликка асос солиниши тарихи, унинг намояндалари тақдири, 1917 йилги сиёсий воқеаларининг ислоҳотчилар ҳаракатига таъсири, шунингдек, жадидларнинг Ўзбекистон тарихида қолдирган изи ҳақида ҳикоя қилинади. Фильмда Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидаги маърифатпарварлик ҳаракатларига ҳам урғу берилган.
Жадидчилик ҳаракатини ўрганувчи тадқиқотчилар, шунингдек, маърифатпарварларнинг авлодлари — Ҳамидулла Болтабоев, Қаҳрамон Ражабов, Дилором Алимова, Бахтиёр Ҳасанов, Тимур Хўжаўғли, муфтий Нуриддин Ҳолиқназаров, Сулаймон Иноятов, Хондамир Қодирий, Кристофер Жеймс Форт, Нигора Раҳимжонова, Азалшоҳ Ҳамроев, Мавлуда Раҳмонова, Рудольф Бархет, Шоҳруҳ ва Фаррух Беҳбудий, Гавҳар Зокирова, Шуҳрат Саиджонов, Фурқатбек Яквалҳожиев, Адиб Холид, Марианна Камп, Сергей Абашин, Марк Риз — филм давомида ХIХ-ХХ асрларда рўй берган тарихий жараёнлар ҳақида ўз ҳикоялари сўзлаб берган.
– Ушбу лойиҳани тугатиш учун икки йилдан ортиқ вақт кетди, – дейди фильм режиссёри Руслан Солиев. – Бу мураккаб ва дардга тўла фильм. 1,5 соат давомида ҳамма қаҳрамонлар ва барча воқеалар ҳақида тўлиқ ҳикоя қилиб бўлмайди, албатта. Лекин жадидчилик мавзуси кун мавзуси эканлиги мени чин дилдан қувонтиради. Маърифатпарварлар ҳақида қанча кўп ҳикоя қилинмасин — шунча оз, чунки жадидлар хотираси олдида жуда қарздормиз. Умуман, бугунги таҳликали замонда бу ўта муҳим мавзу.
[gallery-15156]
Жадидчилик – Ўзбекистон ҳудудида ХIX асрнинг охирида тарқалган ижтимоий-сиёсий маърифатпарвар ҳаракат ҳисобланади. Унинг намояндалари, жадидлар диний фанлар қаторида дунёвий фанлар ҳам ўқитилган янги усулдаги мактабларни очган. Жадидларнинг ўзлари ўқув қўлланмалар ёзган, шунингдек ўзбек тили ва шеърияти ривожига хизмат қилган, ўзбек театри ва драмаси асосларини яратган.
– Бу йил Ўзбекистонга бир неча маротаба келдим, – дейди, сўзга чиққан давлат ва жамоат арбоби, Бухородаги жадидчилик ҳаракати намояндаси Усмонхўжа Пўлатхўжаевнинг ўғли, тарихчи олим Темур Хўжаўғли. Жорий йилнинг 11–12 декабрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусида илмий конференцияда қатнашиш учун келдим. Бу конференцияда Туркия, Озарбайжон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон, АҚШ, Россия, Германия ва Япониядан келган олимлар қатнашди. Бу жуда катта қурултой бўлди. Албатта, бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жадид боболаримизнинг қилган ишларини ўрганиш ва ҳаётга татбиқ этиш сиёсатини юритаётгани билан бевосита боғлиқ. Раҳматлик отам бир умр армонда ўтиб кетди. Отам Усмонхўжа Пўлатхўжаевнинг қабрлари Туркияда. Ҳар гал қабрларини зиёрат қилганимда бир гапларини эслайман. “Ҳали яхши замонлар келади. Бу замонларни мен кўрмасам ҳам, сизлар албатта кўрасизлар”. Мана ўша яхши замонлар. Афсуски, бу замонни отам раҳматлик кўролмади.
Комилов Зариф, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.