Араб ва мусулмон мамлакатлари Исроилни Ғазо тинчлик режаси бўйича мажбуриятини бажаришга чақирди
Миср, Қатар, Иордания, Бирлашган Араб Амирликлари, Индонезия, Покистон, Туркия ва Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлари Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси сессияси доирасида бўлиб ўтган йиғилишда Ғазо сектори бўйича қўшма баёнот қабул қилди.
Вакиллар ҳудудда “давом этаётган гуманитар азоб-уқубат”дан хавотир билдириб, Исроилни Ғазо тинчлик режасининг биринчи босқичи бўйича мажбуриятини бажаришга чақирган.
– Инсонпарварлик ёрдами дарҳол, хавфсиз ва тўсиқсиз етказилишини таъминлаш, анклавдаги муҳим инфратузилмани тиклашга кўмаклашиш зарур, – дейилган баёнотда.

Шунингдек, Исроил томонидан Ғарбий Соҳил “аннекция” қилинишига қарши чиққан ҳамкорлар Буюк Британия ҳукуматининг Исроил аҳоли манзиллари билан савдони тўхтатиш тўғрисидаги қарорини олқишлаган.
Қўшма баёнот муаллиф давлатларнинг Ғазо бўйича кенг қамровли режа ва йўл харитаси тўлиқ ижро этилиши учун Қўшма Штатлар, Тинчлик кенгаши ва Фаластин маъмурияти билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлади.
С.Раҳимов, ЎзА