Араб тилини чет тили сифатида ўқитиш усуллари
Иштирокчилар келгусида маҳорат дарслари давомида олган билимларини араб тилини ўқитиш дастурларини ривожлантиришда татбиқ этади.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида 10-13 сентябрь кунлари Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти (ISESCO) ва Granada Editions муассасаси билан ҳамкорликда “Араб тилини чет тили сифатида ўқитиш усулларини ривожлантириш” мавзуида халқаро маҳорат дарслари ўтказилди. Ушбу маҳорат дарсларини Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти вакиллари доктор Юсуф Иброҳим, Муҳаммад Мутлақ ҳамда юртимизнинг энг тажрибали мутахассислари олиб боришди.

Дарсларда мамлакатимизнинг турли минтақаларидан келган олий таълим муассасаларининг араб тили ўқитувчилари иштирок этиб, араб тилини чет тили сифатида ўқитиш усулларини ривожлантиришда замонавий воситаларни қўллаш соҳасидаги сўнгги янгилик ва ўзгаришлар билан танишди.
Шунингдек, Ўзбекистондаги араб тили ўқитувчилари ўз фаолиятлари давомида дуч келадиган услубий, таълим-тарбия муаммолари ҳамда уларни ҳал этиш йўллари, араб бўлмаган талабалар учун араб тили дарсларини режалаштириш, замонавий таълим воситаларининг ўқитувчи фаолиятини ривожлантириши, тил ўрганишдаги тинглаш, сўзлашиш, ўқиш ва ёзиш – тўрт кўникмани ривожлантириш, араб тилини чет тилида ўрганувчиларнинг тил билиш даражасини баҳолаш ва меъёрлаш сингари масалалар муҳокама қилинди.

Иштирокчилар келгусида маҳорат дарслари давомида олган билимларини араб тилини ўқитиш дастурларини ривожлантиришда татбиқ этади.