Араб дунёси Исроилга талпинмоқда
Ташкил топганидан буён Исроил давлати етакчилари мамлакатни «муроса қилиш мушкул қўшнилар» ўраб олганини таъкидлаб келади.
Шарҳ
Ташкил топганидан буён Исроил давлати етакчилари мамлакатни «муроса қилиш мушкул қўшнилар» ўраб олганини таъкидлаб келади.
Аммо кейинги пайтларда баъзи араб давлатлари Исроилга нисбатан дўстона муносабат билдиришга ўтгани кўзга ташлана бошлади. Масалан, 13 август куни Исроил ва Бирлашган Араб Амирликлари муносабатларни барқарорлаштиришга келишиб олганликларини эълон қилди.
Президент Дональд Трамп, Исроил бош вазири Биньямин Нетаняху ва Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси, БАА бош қўмондони ўринбосари, шайх Муҳаммад бин Зоид телефон орқали суҳбатлашиб, Исроил ва БАА ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши ҳақида келишиб олди. Шунингдек, томонлар Исроил – Фаластин зиддиятини тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича келишувга эришган. «Томонлар Исроил – Фаластин зиддиятини ҳал қилиш учун адолатли, тўлақонли ва мустаҳкам ечимни топиш йўлидаги ҳаракатларини давом эттиради», – дейилади баёнотда.
Бу 1994 йилдан бери Исроил билан араб давлатлари ўртасидаги муносабатлар яхшиланиши бўйича биринчи ҳолат – ўшанда Иордания алоқаларни йўлга қўйган эди.
«Бугун катта иш рўй берди! Икки буюк дўстимиз, Исроил ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида тарихий тинчлик шартномаси!» – деб ёзди президент Трамп Twitterда.
Ҳужжатга кўра, яқин кунларда икки мамлакат делегациялари хавфсизлик ва иқтисодиётдан тортиб туризмгача бўлган турли соҳаларда икки томонлама битимларни имзолаш учун учрашади. Таъкидланишича, уч мамлакат минтақадаги хавфсизликка таҳдид борасида бир хил фикрда. Қўшма ҳужжат Биньямин Нетаняху ва Муҳаммад бин Зоид томонидан президент Трампга «минтақада тинчлик» тарафдори бўлгани ҳамда ушбу мақсадга эришишда «прагматик ва ўзига хос» ёндашув учун миннатдорлик изҳорлари билан якунланади.
Исроил президенти Реувен Ривлин валиаҳд шаҳзодани Қуддусга ташриф буюришга таклиф қилди. Энди яқин орада ҳар иккала мамлакат инвестиция, туризм, авиақатновларни йўлга қўйиш, хавфсизлик, телекоммуникация, технологиялар, энергетика, соғлиқни сақлаш, маданият, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик бўйича бир қатор келишувларни имзолайди. Бундан ташқари, ҳар иккала мамлакатда элчихоналар очилади.
Қайд қилиш жоизки, БАА шу пайтгача Исроил давлатини тан олмасдан келаётган эди. Шу туфайли иккала мамлакат ўртасида дипломатик ва иқтисодий муносабатлар бўлмаган. Мана энди яқин орада Вашингтонда Трамп иштирокида Исроил ва БАА ўртасида тарихий тинчлик битими имзоланади. Бу битим Доналд Трампга катта очко келтириб, унинг президентлик сайловолди кампаниясидаги рейтингини кўтаришга ёрдам беради.
АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт О Брайн Исроил ва араб давлатларидаги муносабатлар бундан кейин илиқлашувини айтиб, бунинг учун Доналд Трамп номзоди тинчлик бўйича Нобель мукофотига илгари сурилиши кераклигини баён этди. БАА Исроил билан Миср ва Иорданиядан кейин дипломатик муносабат ўрнатган учинчи араб давлати бўлди.
Аслида араб давлатлари ва Исроил ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши 2018 йилдан бошланди. Ўша йил ноябрда Исроил бош вазири Беньямин Нетаняху ва унинг рафиқаси Уммонга ташриф буюриб, мамлакат султони билан учрашди. Саккиз соат давом этган бундай даражадаги ташриф Яқин Шарқда сўнгги 20 йил ичида кузатилмаган эди. Ортга қайтган Нетаняху ўз вазирларига икки ўртада «жуда муҳим музокаралар» бўлиб ўтганини маълум қилди ва бундай ташрифларни кўпайтиришга ваъда берди.
Араб дунёсининг бошқа давлатлари каби Уммон ва БАА Исроил ташкил топгандан бери у билан алоқа қилмасликка интилиб келар эди. «Сўнгги йилларда амалга оширилган ташрифлар ўртадаги улкан музликни эрита бошлагани билан ҳам ўта аҳамиятли. Форс кўрфазидаги араблар ва Исроил йиллар давомида бир-бирини яхши билган, баъзида учрашиб ҳам турган, аммо ҳеч ким бундан-да илдамроқ қадам ташлашга журъат қила олмаган эди. Энди ҳаммаси ўзгармоқда.
Форс кўрфази бўйида жойлашган араблар ва Исроилни бир-бирига яқинлаштираётган асосий омил – бу Эрон. Исроил ҳам Уммон ва БАА каби Эроннинг Яқин Шарқ бўйлаб таъсири кучайишидан ва бунинг ортидан минтақада сиёсий беқарорлик бошланиши эҳтимолидан чўчийди. Расмий Теҳрон Сурия ва Ироқдаги инқирозларга бевосита таъсир ўтказиб келади, Ямандаги исёнчилар ва Ливандаги Хизбуллоҳ ҳамда Фаластин Исломий жиҳоди каби қуролли гуруҳларни қўллаб-қувватлайди. Эронни тийиб туришни истайдиган яна бир давлат АҚШ ҳам ўзининг араб иттифоқдошлари ва Исроил ўртасидаги алоқалар илиқлашишидан манфаатдор.
Бироқ фаластинликлар Исроил ва араб давлатлари ўртасида шаклланаётган илиқ алоқалардан ташвишда. Ўз навбатида Араб дунёси ва Исроил ўртасидаги зиддиятга чек қўйишга ваъда қилаётган президент Трамп маъмурияти фаластинликлар ташвишини янада кучайтирмоқда.
Фаластинликлар хавотирига кўра, президент Трамп Саудия Арабистони, БАА ва бошқа араб давлатларини Исроил – Фаластин можароси бўйича тинчлик сулҳи тузишга мажбурлаши мумкин. «Исроилнинг ўзи Фаластин билан алоқаларини яхшиламай туриб, бир мустамлакачи куч бўлиб қолаётган пайтда унинг минтақадаги аҳамиятини оширишга уриниш ўта хавфли», дейди Фаластин Озодлик ташкилотининг юқори лавозимли расмийси Ҳанан Ашрави.
Ашрави хоним сўнгги воқеалар 2002 йилда Араб Лигасининг 22 аъзо давлати томонидан имзоланган Араб Тинчлик ташаббуси қонунийлигига путур етказишини таъкидлайди. Мазкур ҳужжатга кўра, араб давлатлари 1967 йилда эгаллаб олган ҳудудларни тўлиқ тарк этмагунча Исроил билан яхши муносабатлар ўрнатишга интилмаслиги лозим. Исроил ва Араб дунёсини ажратиб юборган асосий зиддият эса Фаластин муаммоси.
2018 йили АҚШнинг Исроилдаги элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчириш борасида президент Трамп берган қарор фаластинликлар ғазабига сабаб бўлган эди. Фаластинликлар Шарқий Қуддусни бўлажак мустақил давлати пойтахтига айланишини истайди. Шундан сўнг улар Вашингтонни нохолис тинчлик даллоли бўлишда айблаб, у билан алоқани узган.
БАА АҚШ воситачилигида Исроил билан тинчлик сулҳи тузишини эълон қилгандан кейин Фаластин Амирликлардан ўз элчисини чақиртириб олишини эълон қилди. Бу ҳақда Фаластин ташқи ишлар вазири Риёз ал-Маликий баёнот берди. “Фаластин давлати президенти Маҳмуд Аббос кўрсатмаси билан Исроил ва БАА ўртасидаги муносабатлар яхшиланиши ҳақидаги баёнотдан кейин зудлик билан БААдан Фаластин элчиси чақиртириб олинмоқда”, деб маълум қилган ал-Маликий.
БАА ва Исроил ярашувини “Фаластин миллий озодлиги ҳаракати” (ФАТҲ) ва ХАМАС ҳам танқид қилган. “Оккупация Фаластин халқининг бош душмани бўлиб қолмоқда ва биз ўз курашимизни давом эттирамиз”, деб ваъда берган ХАМАС вакили Абдулатиф ал-Кўнуа.
Эришилган аҳдномага муносабат билдирган Исроил бош вазири Биньямин Нетаняху Исроил ва араб дунёси ўртасида “янги давр бошланишини” айтган. Шу билан бирга, у Исроил Иорданнинг ғарбий қирғоғига ўз даъволаридан воз кечмаслигини ва фақатгина бу режаларини ортга сураётганини таъкидлаб ўтган. Исроил ва БАА ўртасида муносабатлар яхшиланиши Яқин Шарқ муаммосини ҳал қилишнинг Трамп илгари сурган режасини амалга оширишдаги навбатдаги босқич ҳисобланади. Бу режа Исроилга Иорданнинг ғарбий қирғоғидаги катта ҳудудларни, жумладан, Иордан водийсини қўшиб олишга йўлни очиб беради. Фаластин бу режага қатъий қарши чиқмоқда.
Таҳлилчилар фикрича, мазкур тинчлик жараёнида муҳим роль ўйнаши лозим бўлган Саудия Арабистонининг аҳамияти журналист Жамол Хашоқжининг саудиялик махфий агентлар томонидан ўлдирилиши ортидан анча пасайди. Бироқ журналист Хашоқжи мавзуси ҳақида фикр билдирган Нетаняху унинг ўлими ортида турганликда гумонланаётган Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад Бин Салмонни қўллаб-қувватлашига ишора қилиб ўтган. Жамол Хашоқжининг ўлдирилишини «ўта даҳшатли» дея таърифлаган Нетаняху айни вақтда бу можаро туфайли Саудия Арабистонини бир четга суриб қўймаслик лозимлиги, чунки «бундан ҳам жиддийроқ Эрон муаммоси» турганини таъкидлаган.
Исроил Жамол Хашоқжининг ўлимига қарамасдан Саудия Арабистони барқарор бўлиши кераклигини айтди. Баҳрайн Исроилнинг бундай муносабатини олқишлаган. Мазкур воқеаларнинг бари минтақада бошланаётган муҳим ўзгаришлар аломати сифатида кўрилмоқда. Ҳатто Нетаняхуга мухолиф кучлар ҳам буни эътироф этиб ўтган. Бироқ Фаластин муаммосига жуда ҳиссиётли муносабатда бўлувчи оддий араб одамлари Исроил билан яқинлашишни осонгина қабул қилмаслиги мумкин.
Ҳозир Фаластин позициясини ҳимоя қилаётган битта давлат бор. Бу – Туркия. Туркия президенти Режеп Таййиб Эрдоған БАА ва Исроил ўзаро муносабатларни яхшилашга келишиб олганини эълон қилганига жавобан Анқара Абу-Дабидаги элчисини ортга чақиртириб олиши мумкинлигини айтиши бунинг исботидир. Эрдўғаннинг таъкидлашича, у Туркия ташқи ишлар вазирини Анқара шундай чораларга бориши мумкинлигидан хабардор қилган. Туркия президенти БАА ва Исроил ўртасидаги келишувни Фаластинга нисбатан “кечириб бўлмас қадам” деб атади. “Агар зарур бўлса, Абу-Дабидаги элчимизни ортга чақиртириб олишимиз мумкин, чунки биз Фаластин томондамиз ва унинг ҳуқуқларини ҳеч кимга бериб қўймаймиз”, деган Эрдоған.
Абдували Сойибназаров,
сиёсий шарҳловчи