Ар-Риёдда Россия ва АҚШ вакиллари учрашди
“Arab News” хабар беришича, сешанба куни Россия ва АҚШ Украина билан урушни тугатиш, дипломатик ва иқтисодий алоқаларни яхшилаш бўйича саъй-ҳаракатни бошлашга келишиб олди.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио таъкидлашича, мулоқотдан уч асосий мақсад кўзланган: Вашингтон ва Москвадаги элчихоналар ходимларини янгилаш, Украина билан тинчлик музокарасини қўллаб-қувватлаш учун юқори даражали гуруҳ яратиш ҳамда яқин алоқа ўрнатиш, иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш.
Саудия Арабистони мезбонлик қилган, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам иштирок этган музокара бу икки буюк давлат ўртасидаги мулоқотнинг қайта бошланиши бўлгани, ҳали кўп иш қилиниши кераклиги таъкидланган.
Учрашувда Украинадан вакил қатнашмаган.
Россия ва АҚШ ўртасидаги алоқалар айни пайт энг паст даражага тушиб кетган. Ҳар икки элчихона бир неча йил давомида кўп сонли дипломатлар чиқариб юборилишидан сезиларли зарар кўрган. АҚШ Европа давлатлари билан бирга Россияга қарши қатор санкциялар киритган. Иттифоқчилар Москва иқтисодиётига зарар етказиш чораларини бир неча бор кучайтирган.

Бумулоқот Трамп ва Россия Президенти ўртасидаги саммитга йўл очиши керак эди. Музокарадан сўнг Путиннинг ташқи ишлар бўйича маслаҳатчиси Юрий Ушаков Россия Биринчи каналига берган интервьюсида учрашув санаси ҳозирча белгиланмагани, келаси ҳафта бўлиб ўтиши “эҳтимоли йўқ”лигини билдирди.
Лавров журналистларга “суҳбат жуда фойдали бўлгани”га ишонишини айтди ва худди Рубио каби уч мақсадни тилга олди. Вашингтон ва Москва Украина бўйича “мунтазам маслаҳатлашув” ўтказиш учун вакиллар тайинлашга келишиб олганини қўшимча қилди.
– Биз бир-биримизни нафақат тингладик, балки эшитдик ҳам, – деди у. – Америка томони ёндашувимизни яхшироқ тушуна бошлади, деб ишонишимизга асос бор. Биз ўз қарашимизни яна бир бор, аниқ мисоллар ёрдамида, Президент Путин бир неча бор берган баёнотлар асосида батафсил баён қилдик.
Хуллас, 2022 йил 24 февралда бошланган ҳарбий амалиётдан сўнг илк бор кенг кўламли алоқа ўрнатилди. Лавров ва АҚШнинг ўша пайтдаги Давлат котиби Энтони Блинкен қарийб икки йил аввал Ҳиндистонда бўлиб ўтган G-20 йиғилиши чоғида қисқача гаплашган, бироқ таранглик сақланиб қолганди.
Дарвоқе, учрашув Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон ҳамда давлат вазири ва миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Мусаид Ал-Айбан иштирокида кечган.
Қайд этилишича, музокара Трамп ва Путиннинг жорий йил 12 февралдаги телефон орқали суҳбати давоми сифатида ташкил этилди. Рубионинг ёнида Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майк Уолтц ва икки томонлама муносабатни қайта тиклаш учун танланган махсус элчи Стив Уиткофф ҳам бор эди. Лавровга эса РФ етакчиси ёрдамчиси Юрий Ушаков ҳамроҳлик қилди.
Томонлар қуйидагиларга келишиб олган:
Икки томонлама муносабатга таъсир қилувчи муаммоларни ҳал этиш учун маслаҳатлашув механизмини яратиш ва дипломатик миссиялар меъёрида фаолият юритиши учун зарур чоралар кўриш;
Украинадаги можарони тезроқ тугатиш учун барқарор, узоқ муддатли ва барча томонлар учун мақбул йўлни ишлаб чиқиш мақсадида тегишли юқори даражали ишчи гуруҳларни тайинлаш;
Келгуси ҳамкорлик учун асос яратиш, можарога барҳам берилгач, юзага келадиган геосиёсий манфаат ва иқтисодий-инвестицион имкониятни ўрганиш.
Иштирокчилар жараён изчил ва самарали давом этишини таъминлаш учун доимий алоқада бўлишга келишиб олдилар.
– Биргина телефон қўнғироғи ёки бир учрашув барқарор тинчлик ўрнатиш учун етарли эмас, амалий чоралар кўриш лозим, – дейилган махсус баёнотда. – Бугунги учрашув айни йўлда ташланган муҳим қадамдир.
Эслатиб ўтамиз, Ар-Риёдда маҳаллий вақт билан соат 10:30 да бошланган Россия ва АҚШ музокарасининг биринчи қисми тахминан 2,5 соат чўзилди. Томонлар 15 дақиқалик танаффусдан кейин мулоқотни тушгача давом эттиришди.
Ушаков тадбир муваффақиятли ўтгани, томонлар келгусида бир-бирининг манфаатини ҳисобга олишга келишиб олганини маълум қилди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА