Ар-Риёд шаҳрида ўзбекистонлик талабалар тақдирланди
Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида “Huawei ICT Competition 2024-2025” AKT бўйича минтақавий танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳам қатнашди.
Танловда Ўзбекистондан 520 нафар талаба рўйхатдан ўтган эди. Унда ғолиб бўлган талабалар финал йўлланмасини қўлга киритиб, тақдирлаш маросимида иштирок этиш учун Ар-Риёд шаҳрига йўлланма олган.

“Huawei ICT Competition 2024-2025” AKT танловининг финал босқичида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг 3 нафар талабаси томонидан тақдим этилган “Саҳия” лойиҳаси 1-ўринни эгаллади ва ҳакамлар ҳайъати томонидан рақамли инклюзиядаги инновациялар учун тақдирланди.
Лойиҳа эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахслар учун имо-ишора тилини рақамлаштириш ва имо-ишора тилини бошқа тилларга онлайн таржима қилиш учун ишлаб чиқилган иловадир. Ечим сунъий интеллект модели ва булутли ечимлар асосида ишлаб чиқилган.

Шунингдек, танловнинг амалиёт беллашувида иштирок этган ТАТУ ва Инҳа университети талабаларидан иборат жамоа 3-ўринни эгаллаб, мукофотланди.
Маросимда ТАТУ ўқитувчиси Азамат Қодиров “Outstanding new instructor” номинациясида “Huawei ICT Academy” нинг 50 дан ортиқ талабаларини ўқитгани, HCIA халқаро сертификатини олганлиги ва университетдаги АКТ фаолиятининг ажойиб натижалари учун мукофотланди.
Н.Раҳмонова, ЎзА