Ҳар нарсага етган ақлингиз…
Молия вазири ва Солиқ қўмитаси раиси эътиборига!
Молия вазири ва Солиқ қўмитаси раиси эътиборига!
Биз аввалига китоб ўқимай қўйдик деб кўп ва хўб айтдик, ёздик. Аслида ҳам шундай эди…
Лекин давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши эълон қилингач, ҳолат ва муносабат тубдан ўзгарди. Китоб мутолаа қилишни хуш кўрадиганлар бу ўзгаришлардан, том маънодаги уйғонишдан суюнди.
Ўтган йили давлатимиз раҳбарининг беш ташаббуси доирасида мактаб кутубхоналарига китоб туҳфа қилиш урф бўлди. Бир неча ой давом этган бу жараёнда турли бўғинлардаги раҳбарлардан тортиб оддий фуқаролар ҳам ўзлари ўқиган мактабларга (қисман боғчаларга) китоблар совға қилишди.
Бу яхши, албатта. Аммо… Китоб савдоси билан шуғулланадиган тадбиркорларнинг айтишича, ўша вақтда китоб совға қилувчилар асосан нархга қараб иш тутишган. Яъни, кўпчиликни китобнинг мазмун-мундарижаси, савияси ва сифати қизиқтирмаган. Улар кам суммага арзон, сифатсиз китоб-ларни кўпроқ харид қилишни ўйлашган. Уларни ҳам айб¬лаб бўлмайди. Китобнинг нархи “чақар” даражада бўлмаса ҳам, “ботадиган” бўлгандан кейин шу-да…
Айтмоқчи бўлганим шуки, эҳтиёж ҳам нархга боғлиқ. Лекин қандай эҳтиёжга қандай нарх – шуниси муҳим! Агар маънавий эҳтиёж нарх-наво билан сўндирилса, бунинг оқибати ва зарарини математикадаги тўртта амал (+, -, х, : ) билан ҳам ҳисоб¬лаб бўлмайди.
Шу кунларда интернет яна “портлади”, ижтимоий тармоқларда кун мавзуси – Китоб! Зиёли қатлам китобга тегишли “янгилик” ҳақида “куйиб-пишиб” ёзяпти.
Ҳаммани “хурсанд” қилган “хушхабар” шуки, энди матбаа, нашриёт ва китоб савдоси хизматлари учун 15% миқдорида қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) жорий этилади. Ноширлар ва тадбиркорлар шундоқ ҳам нашр учун керакли бўлган қоғоз, бўёқ, …лар учун ҚҚС тўлаб келишган. Агар энди китобнинг нархи яна камида 15 фоизга ошадиган бўлса, китоб дўконига кирувчи озчилик китобхонларнинг сафи янада сийраклашиб қолиши турган гап.
Китобнинг қимматлашуви жуда кўп соҳаларга салбий таъсир қилади. Хусусан, илм-фанга, маънавият ва маърифатга…
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 5 та муҳим ташаббусидан тўртинчиси – ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган эди.
Айтинг-чи, “ҳурматли” “акалар”, апрель ойидан китобга жорий этиладиган ҚҚС Сизларнинг бу сиёсатга садоқатингизми?
Ўша ҚҚС юкининг оғирлиги охир-оқибат китобхоннинг “чўнтаги”га келиб тушади. Биласизми, асли китобхон қавмининг чўнтаги Сизлар ўйлаганчалик бақувват эмас…
Сизларга яна бир савол: юқорида қайд этилган фармойишда “китоб тарқатиш тизимини янада ривожлантириш ва аҳолининг кенг қатламини қамраб олиш, китоб маҳсулотларининг нархини шакллантириш ва сотиш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқиш” вазифаси топширилган. Эътибор беринг, “китоб маҳсулотларининг нархини шакллантириш…” дейиляпти.
Нима, китобнинг нархи қўшимча қиймат солиғини қўшиш орқали шакллантириладими? Буни қандай тушуниш керак? Изоҳи қанақа бўлади?
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Фармойишда “…ихтисослашган китоб дўконлари учун вилоят, туман марказлари ва шаҳарларда ҳамда қишлоқларда аҳоли гавжум ва қулай ҳудудлардан жой ажратиш ёки ижарага бериш масалаларини қайта кўриб чиқиш, сотув айланмасида китоб улушининг ҳажми 70 фоиздан кўп бўлган тадбиркорлик субъектларини алоҳида статистик ҳисобга олиш ва уларга тегишли солиқ имтиёзлари қўллаш” ҳам қайд этилган.
Шу жойига тушунмадим, солиқ имтиёзлари қўллаш деганда ҚҚСни жорий этиш, белгилаш назарда тутилганмиди?
Наманганлик Маъруф Мўминов “facebook”да шундай деб ёзибди: “Наманган китоб олами” ҳам қўл кўтарди. Китоб дўконини боғчага айлантирдик, роса вақтида қилибмиз. Китоб соҳасидан умуман солиқни олиб ташлаш керак. Беш йил ҳаракат қилдик, марказдан жой олиб, китоб дўконини қуриш учун. Бизда китоб иккинчи, учинчи даражали эканига имонимиз комил бўлди, охири қўл кўтардик”.
Ижтимоий тармоқда ¬куйинчаклик билан билдирилаётган фикр-мулоҳазалар, муносабат ва саволлар кишини ўйлантириб қўяди: Хўш, энди нима бўлади?
Китобни қимматлаштиришдан ким манфаат топади? Қанча фойда кўради? Зарарни, яъни маънавиятга келтириладиган зарарни ҳам ҳисоблаб кўргандирсизлар, балки…
Бизни келажак авлод тушунармикан?
Нима дейсизлар?
Алижон АБДУРАҲМОНОВ,
Манба: “Ishonch” газетаси