Ҳар кимки вафо қилса вафо топғусидир...
Бобур ғазали билан қўшиқ янграмоқда. Мумтоз куй ва қўшиқ оҳанграбоси кўнгилларни сел этади
Бобур ғазали билан қўшиқ янграмоқда. Мумтоз куй ва қўшиқ оҳанграбоси кўнгилларни сел этади:
Қаро зулфинг фироқинда паришон рўзғорим бор,
Юзунгни иштиёқида не сабру не қарорим бор.
Лабинг бағримни қон қилди, кўзимдин қон равон қилди,
Нечун ҳолим ёмон қилди, мен андин бир сўрорим бор.
Андижон давлат университетида З. М. Бобур таваллудининг 537 йиллигига бағишланиб ўтказилган “Ҳар кимки вафо қилса...” деб номланган адабий тадбир иштирокчилари инсон қалбининг туб-тубига етиб борадиган, ҳар қандай кўнгилни сел қиладиган Бобур ғазаллари билан айтилган “Сарахбори оромижон”, “Қачон бўлғай”, “Топилмас” каби қўшиқлар сеҳридан сармаст бўлди.
Талабалар томонидан шоир ғазал ва рубоийлари маромига етказиб, юксак маҳорат билан ўқилди. Айниқса, Бобурнинг Андижонни, юртни ташлаб чиқиб кетиши, қийинчиликларга тўла ҳаёти акс эттирилган “Анда жоним қолди манинг” деб номланган саҳна кўриниши тадбир қатнашчиларини гўё ўша даврга тушириб қўйди, унинг изтиробларни бирга ҳис этди.
Қаро зулфинг фироқинда паришон рўзғорим бор,
Юзунгни иштиёқида не сабру не қарорим бор.
Лабинг бағримни қон қилди, кўзимдин қон равон қилди,
Нечун ҳолим ёмон қилди, мен андин бир сўрорим бор.

Талабалар томонидан шоир ғазал ва рубоийлари маромига етказиб, юксак маҳорат билан ўқилди. Айниқса, Бобурнинг Андижонни, юртни ташлаб чиқиб кетиши, қийинчиликларга тўла ҳаёти акс эттирилган “Анда жоним қолди манинг” деб номланган саҳна кўриниши тадбир қатнашчиларини гўё ўша даврга тушириб қўйди, унинг изтиробларни бирга ҳис этди.
– Бобур инсоният тарихида чуқур из қолдирган олим, шоир, давлат арбоби, буюк бобурийлар салтанати асосчиси сифатида дунё халқлари томонидан юксак қадрланади, – дейди Андижон давлат университети ректори Акрамжон Юлдашев. – У халқимизнинг фарзанди сифатида мураккаб, суронли ҳаёти давомида илм-фан, бунёдкорлик ишларига алоҳида эътибор қаратгани ҳар бир юртдошимиз қалбига фахр-ифтихор туйғусини солади.

Беш асрдан кўпроқ вақт аввал яшаб ўтган улуғ аждодимиз ҳаёти ва ижодига ёшларнинг қизиқиши тобора ортиб бораётгани барчамизни қувонтиради.
Жаҳон маданияти, илм-фани ривожига катта ҳисса қўшган, ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти беҳаловат ўтса-да, ижодни унутмади, аксинча, адабиёт, мусиқа, тарих, география ва бошқа фанлар ривожига хизмат қиладиган дурдона асарлар яратди.

Андижонда “Боғи Бобур“ мажмуаси барпо этилиб, унинг рамзий қабр-мақбараси қад ростлади. “Бобур ва жаҳон маданияти музейи” ташкил этилди. Вилоят марказида адибнинг ҳайкали ўрнатилди. Бугун Бобур шоҳ кўчаси Андижон шаҳридаги энг обод кўчалардан биридир. Андижон давлат университети, вилоят театри ва кутубхонаси унинг номи билан юритилади. Бобур ёдгорлик музейи фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Бобур номидаги медали, Бобур халқаро жамоат фонди томонидан Бобур халқаро мукофоти таъсис этилган.
Бобур номидаги Андижон давлат университети мамлакатимиздаги етакчи олий ўқув юртларидан бири. Элликдан ортиқ ихтисосликлар бўйича малакали мутахассислар тайёрлаётган мазкур илм даргоҳининг бакалавр ва магистратура йўналишларида 13 минг нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда.
Бобур номидаги вилоят мусиқали комедия ва драма театри ҳамда ахборот-кутубхона маркази маданият, маънавият ва зиё маскани сифатида халқимизга хизмат қилмоқда. Бобур халқаро жамоат фонди томонидан шоир ҳаёти ва ижодини ўрганиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.
“Бобурнома” ҳозиргача ўттиздан зиёд тилга таржима қилиниб, китоб ҳолида чоп этилган. Бобур ижодий меросини ўрганишда Бобур ёдгорлик музейининг ҳам алоҳида ўрни бор. Музей Андижоннинг Эски шаҳар ҳудудидаги Ҳожар Нойиб мадрасаси меъморий обидасида жойлашган.
Ҳожар Нойиб мадрасаси қадимий меъморий ёдгорликлардан биридир. Тарихдан маълумки, Бобурийлар томонидан ва Бобургача қурилган Аркону давлат, подшоҳ саройи XVI аср бошларида Шайбонийлар томонидан вайрон қилинган. Талон-тарождан омон қолганлари турли зилзила ва бошқа табиий офатлар туфайли йўқ бўлиб кетган. Бизгача қадимги қалъа деворлари сақланиб қолган, холос.
Тарихчи олимлар Ҳожар Нойиб мадрасасида ёш Бобур таҳсил олган деган фикрни илгари суради. Меъморий обида бетакрор, ўзига хос тарих асосида бунёд этилган бўлиб, олти бурчакли ёпиқ ҳовли, учта гумбазли хона, 27 ҳужра ва нақшинкор айвонли намозгоҳдан иборат.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижоди на
фақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг кўплаб давлатларида катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.Ўз ижодида Ватанни улуғлаган, бир умр она юрт соғинчи билан яшаган шоир ҳаёти, ижоди бугун ҳам ёш авлодни ватанпарварлик, юртга садоқат, меҳр-оқибат, мурувват ва саховат каби юксак инсоний фазилатлар соҳиби этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.