Ҳар қарич ер даромад манбаига айланади
Наманган вилоятининг 775 та маҳалласидаги 372 мингдан зиёд хонадон тасарруфида 15 минг 500 гектар томорқа ер бор.
Наманган вилоятининг 775 та маҳалласидаги 372 мингдан зиёд хонадон тасарруфида 15 минг 500 гектар томорқа ер бор. Вилоят ва туман ҳокимликлари, секторлар раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамкорлигида мазкур ерларнинг ҳар қаричини даромад манбаига айлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Жумладан, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларига ҳуқуқий, ташкилий, услубий ва молиявий кўмаклашиш ҳамда қулай савдо-харид механизмини яратиш орқали фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида барча туманларда 18 та кооператив ташкил этилди. Улар кўмагида фойдаланилмай ётган 328,2 гектар майдон қайта ўзлаштирилиб, ишсиз, «шу ердан фойдаланиб, оиламни боқаман», деган 880 нафар юртдошимизга тақсимлаб берилди.
– Ҳозиргача мавжуд майдоннинг 159 гектарида мевали боғ, 15 гектарида узумзор барпо қилинди. 28 гектарида сабзавот, 190 гектарида дукакли, 14 гектарида полиз экинлари етиштирилмоқда, – дейди вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.Абдусаломов. – Йил аввалида барча туманларда фаолияти йўлга қўйилган 43 та «Томорқа хизмати» масъулияти чекланган жамияти томонидан 12 минг 409 та хонадон эгаси билан тузилган шартномага асосан 2 минг 456 та томорқа шудгорлаб берилди. 482 мингта сабзавот, 2 минг 140 мева кўчати, 51 минг 352 килограмм уруғлик билан таъминланди. 225 та хонадонга иссиқхона қуриб берилди. Минг нафардан ортиқ фуқарога 3 минг 500 бош парранда, 54 бош зотдор қуён, 183 бош қорамол, 633 бош қўй, 168 та асалари уяси етказиб берилди. Жамғарма маблағлари ҳисобидан 87 нафар фуқарога 1,9 миллиард сўм, масъулияти чекланган жамиятларга 3,5 миллиард сўм маблағ ажратилиб, бу мақсадларга жами 20,5 миллиард сўм йўналтирилди.
Вилоят ҳокимлиги, вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда қатор жамоатчилик ташкилотлари ҳамкорлигида олиб борилган саъй-ҳаракатлар боис мавжуд томорқаларда мўл-кўл, сифатли, бозорбоп, харидоргир сабзавот, полиз, дукакли ва мойли, бошоқли ва озуқа экинлари, мевалар етиштирилди.
Аҳолининг тўқсонбосди экинларга қизиқишини ортиб бораётганлигини деҳқончиликнинг бу йўналишдаги салмоғи 30 фоизга ортгани ёки бугунги кунда тўқсонбосди экинлари майдони 9 минг гектардан ошиб кетгани кўрсатиб турибди. Энг камида уч марта ҳосил олиш йўлидаги тизимли ишлар янада қизғин давом эттирилмоқда. Натижада, вилоят бозорларида арзон, сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотлар ҳажми ортиб бориши билан бирга экспорт захираси яратилиши йўлида муҳим қадамлар қўйилмоқда. Энг асосийси вилоятнинг барча туман ва қишлоқларида бир хил маҳсулот етиштирадиган "Бир маҳалла – бир маҳсулот тамойили” асосида фаолият кўрсатаётган ҳудудлар сони кундан-кунга кўпайиб боряпти.
Жумладан, Наманган, Уйчи, Учқўрғон, Норин туманларида помидор, бодринг, булғор қалампири, редиска, қулупнай, лимон; Поп, Чуст, Тўрақўрғон, Чортоқ, Янгиқўрғон, Косонсой туманларида мева, полиз етиштиришда ўзига хос мактаблар яратилмоқда. Бу томорқа эгасига ҳам уни бозор ва четга етказиб берувчи харидор тадбиркорларга ҳам қулайликлар яратмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 декабрдаги «2019-2020 йилларда сув таъминоти оғир бўлган ҳудудлардаги аҳоли томорқаларига сув етказиб бериш учун суғориш қудуқларини қазишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан Поп туманида 6 та, Янгиқўрғонда 9 та артезиан қудуқлари қазиш режалаштирилган эди. Бу муҳим иншоотларни ўз вақтида фойдаланишга топшириш мақсадида жамғарма томонидан жами 1 миллиард 442 миллион сўм маблағ ажратилди. Ҳозирда Янгиқўрғон туманининг Тинчлик маҳалласи ҳудудидаги қудуғқ фойдаланишга топширилиб, 70 дан ортиқ хонадон ва 2,5 гектар ер майдони сув билан таъминланди. Йил охиригача яна 300 хонадон томорқасига оби-ҳаёт олиб кириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, деҳқон хўжаликлари, томорқа ерлари, боғ ораларида ички бозор эҳтиёжи учун ва серҳосил, юқори даромад берадиган, экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қишлоқ аҳолисининг моддий манфаатдорлигини ошириш мақсадида жорий йилда 11,7 минг гектар ерга тўқсонбосди, 10,9 минг гектарга эртаки, 15,5 минг гектарга такрорий экинлар экилди ва улардан 542,1 минг тонна ҳосил олиш режалаштирилган.