АҚШдаги озиқ-овқат фестивалида қуролли ҳужум содир этилди
АҚШ Вашингтон штатида Сиэтл шаҳрида ўтказилаётган “Bite of Seattle” озиқ-овқат фестивали чоғи содир бўлган отишма оқибатида икки киши ҳалок бўлди, беш фуқаро жароҳат олди. Ҳодиса маҳаллий вақт билан кечки соат 18 атрофида “Seattle Center” мажмуасида юз берган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари воқеа юзасидан тергов бошлаб, аҳолидан ҳудудга яқинлашмасликни сўради.
Яқин атрофдаги “Harborview” тиббиёт маркази маълумотига кўра, шифохонага тўрт жабрланувчи, жумладан ёш бола, 23 ёшли йигит ва икки аёл олиб келинган.
Анжуман иштирокчиси Эстан Ваконабо айтишича, у навбатда турган пайт одамлар тўсатдан ҳар томонга қоча бошлаган. Бир неча болалар аравачаси ағдарилиб кетган, одамлар бир-бирини босиб ўтишга уринган. Кетма-кет ўқ овози эшитилгандан кейингина вазият қуролли ҳужум экани маълум бўлган.
Воқеа жойига полиция ва тезкор хизмат ходимлари етиб келиб, одамларни хавфсиз ҳудудга олиб чиққан. “Bite of Seattle” 1982 йилдан буён ўтказиб келинадиган мамлакатдаги энг йирик бепул озиқ-овқат фестивалларидан бири ҳисобланади. Ҳар йили ушбу тадбирга 350 000 дан кўп меҳмон ташриф буюради.
Мусулмон Зиё, ЎзА